Китоб ўқиш учун тўланган ойлик
Профессор қизнинг дил сўзлари
Профессор қизнинг дил сўзлари
Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорликка етакловчи лавозимга қабул қилинган, “Дўстлик” ордени соҳибаси Азиза Шоназарова қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Менинг ютуғим, бу менга таълим-тарбия берган ота-онам, устозларим, мени мен қилган Ватанимнинг ютуғи, – дейди А.Шоназарова. – Мен ҳақимдаги гаплар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, бу қиз ўзи хорижда яшаган, ўша ерда таълим олган бўлса керак, деган гап-сўзлар, шарҳларни ўқидим. Шу пайтда ҳайқириб айтгим келди: Йўқ, мен Тошкентда туғилганман, Қорақамишдаги 133-умумтаълим ўзбек мактабида ўқиганман. Шарқшунослик институти қошидаги академик лицей ва ундан кейин Тошкент давлат Шарқшунослик институтига қабул қилиндим. Шарқ фалсафаси йўналишида араб, форс тилларини ўргандим, олдин бакалавр, сўнгра магистратурани тугатдим.
Билимларимнинг замини, илдизи шу академик лицей ва институтда олинган. “Суягим шу ерда қотди”. Ишонч билан айта оламанки, бу каби билим бериш, тилларни ўргатиш бутун дунёда ҳам шу институтчалик эмас. Буни мақташ учун, баландпарвоз гаплар учун айтмаяпман. Араб ва форс тилларини ўқитаётганда грамматикага алоҳида эътибор қаратилиб, чуқур билим берилганини кейинчалик Польша, Америка университетларида ўқиш давомида ҳис этдим. У ерда араб тилини араблар ўтади. Шу дарсларда ўзим олган билимларимни айтиб, ўқитувчиларимнинг камчиликларини тўғрилаган вақтларимда улар “Азиза, дарсга келмасанг ҳам майли”, деган вақтлари ҳам бўлган. Мен айнан шу билимларни ўз юртимдаги олий таълим давомида олганимни ҳамиша эътироф этаман. Инглиз тилини ҳам уйда ўрганганман. Президентимизнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан йўллаган табрик нутқида илм-фанда яратилаётган шароитлар ҳақида сўз борди. Эшитиб қувондим. Бугунги кунда илм қиламан, деб ўсиб келаётган авлод учун ҳамма шароит бор. Улар янаям кўпроқ натижаларга эришишига ишонаман.
Илмий ишим Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва гендер тарихи масалаларига бағишланган. Биз ўз тарихимизни чуқур ўрганмаганмиз, деган фикрдаман. Бу борада Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида тарихимизни, қўлёзмаларни ўрганганман. Конференцияда илк илмий изланишларим билан иштирок этганман ва устозим ушбу институтда ишлашим мумкинлигини айтган. Кичик илмий ходим сифатида ишга кирганимда ойлигим ҳатто йўл чиптасига ҳам етмасди. Лекин китоб ўқишим учун пул тўлайдиган ишга кирганман, деб қувонганман ва мақтанганман. Мана бугун бу изланишларим натижасини берганидан хурсандман.