Китоб элларни бирлаштиради
Сўнги йилларда юртимизда китобхонлик тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Жойларда учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказилмоқда.
Китоб ўқишга чорловчи қатор китобхонлик танловлари уюштирилмоқда.
Республикамиз бўйлаб анъанавий китобхонлик ҳафталиги фестивалига старт берилди. Бунда ҳар бир вилоят турли мезонлар остида ушбу маънавият байрамини нишонлашга киришган. Пойтахтимиздаги “Magic City” боғида тошкентликлар ва меҳмонлар учун китоб ярмаркалари, ижодкорлар билан учрашувлар уюштирилмоқда. Нашриётлар бир-бирлари билан соғлом рақобатлашиши, муштарийлар муаллифлар билан юзлашишлари учун имкониятлар яратилган.
ЎзА мухбири тадбирда иштирок этаётган ижодкорларнинг таассуротлари билан қизиқди.
Нодирабегим Иброҳимова, таржимон, ёзувчи:
– Ўтказилаётган китоб ҳафталиги ижодкор ва китобхонни бир бирига яқинлаштиради. Расмийликдан холи ўтган мазкур тадбир давомида ғойибона мухлисларимиз билан юзма юз кўришдик, эркин мулоқот қилдик. Чегирмали нархларда сотилаётган китоблар ўз эгаларини топди, муаллифлар ва таржимонлар халққа яқиндан таништирилди, дастхатлар қўйилди.
Фестивалнинг илк кунидаёқ ёш ёзувчиларга ва болалар адабиётига катта аҳамият қаратилди. Менинг ҳам китобларим ушбу фестивалда тарғиб қилингани, оммага таништирилгани кўнглимни тоғдек кўтарди. Бундай маънавий тадбирлар ижодкорларга ўзгача илҳом ва куч беради ва албатта, бу каби ҳафталиклар китобхонлик ривожига катта ҳисса қўшади.
Аббос Серобов, “Академнашр” нашриёти ходими:
– Китобхонлик ҳафталиги яхши ташкиллаштирилибди. Бу ноширлар, китобхонлар ва барча китобга алоқадор инсонлар учун яхши янгилик бўлди. Биринчи кун ўтди. Очилиш маросими бўлди, савдо ярмаркаларига старт берилди.
Кечаги хулосаларим орқали айтишим мумкинки, “Magic City” боғига ташриф буюрувчи аҳоли қатлами орасида китобга бўлган эътибор кам бўляпти. Одамлар ҳали истироҳат боғларида китобларни кўриб ўрганмаган. Кичик дўконлар кўп, лекин бирортасида китоб сотиладиган жойга кўзим тушмади.
Доимий китоб сотуви йўлга қўйилса, одамлар дам олиш масканларига борганда кўзи китобларга тушаверса, китобларга нисбатан қарашлари ижобий томонга ўзгаради. Ёшлар янада китобга яқинлашади.
Абдулазиз Аҳмад, “Faktor books” нашриёти менежери:
– II Республика китобхонлик ҳафталигида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш қандай бўлишига яққол гувоҳ бўлдим. Пойтахтимизнинг марказида, халқимизнинг оилавий дам оладиган кўнгилочар истироҳат боғини ҳеч қачон бунақа файзли ҳолатда кўрмагандим. Боғ бўйлаб нашриётларимизнинг кўргазмалари, донага ҳам улгуржи нархдаги арзон ва сифатли китоблари жой олган.
Катта саҳнада эса навбати билан китоб тақдимотлари, қизиқарли ўйин ва викториналар ташкил этиляпти. Уларнинг ёнидан ҳеч ким бефарқ ўтиб кетолмайди.
Д.Маматова, ЎзА