Кириш имтиҳонлари шаффоф ўтмоқда
25 июль куни пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуаси, Тошкент молия институти қошидаги Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуасида Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларига кириш имтиҳонлари уч сменада бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда фарзандини Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларда ўқитиш истагида бўлган ота-оналар сафи йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, ўғил-қизларга замонавий асосда билим бериш борасидаги ижобий ўзгаришларнинг самарасидир.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги матбуот хизматига кўра, Таянч ихтисослаштирилган мактабларига жами 18 минг 831 та ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабига 2 минг 116 та, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабга 2 минг 880 та, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабига 13 минг 835 та ҳужжат қабул қилинган.

–Бир босқичли мазкур имтиҳонда ўқувчилар математика ва инглиз тилидан ўз билимларини синаб кўриш имкониятига эга бўлдилар, – деди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев. – Имтиҳонлар натижалари хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан таҳлил қилинади.
Болалар 90 дақиқа вақт мобайнида математикадан 30 та ва инглиз тилидан 15 та топшириқни тест шаклида ишладилар.
–Имтиҳонларни юқори савияда ташкил этиш учун зарур барча чоралар кўрилди, – деди Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий маркази директори Дилрабо Давидова. – Кўриниб турибдики, ўқувчи болалар ҳам мазкур имтиҳонларга юқори даражада тайёргарлик кўришган.
Дарҳақиқат, ўқувчи болалар тест имтиҳонларига яхши тайёргарлик кўрганлар. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати турли шубҳа ва гумонлардан холи экани, ҳар ким ўз билганича имтиҳон саволларига жавоб бераётгани эътиборга моликдир.
Биз тест топшириб чиққан болаларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.
–Тест саволлари унчалик ҳам қийин эмас экан, –деди Тошкент шаҳридаги 185-мактаб ўқувчиси Ҳумоюн Одилов. – Мен тест топшириқларини ишлашда сира қийналмадим.
–Топшириқларни билганимча ишладим, – деди пойтахтимиздаги 194-мактаб ўқувчиси Осиё Зоитова. – Билмаганларимнинг жавобини эса тахминан ёздим.
–Мен озгина қийналдим, – деди Тошкентдаги 266-мактаб ўқувчиси Азизбек Алижонов. – Шунга қарамай, бир соату ўн минутларда барча тест топшириқларини ишлашга муваффақ бўлдим.
Имтиҳонлар белгиланган талабларга мос тарзда, тартибли, юқори савияда ўтказилди.
Имтиҳонлар 26 июль куни ҳам давом этади.
Назокат Усмонова,
ЎзА