Кир ювиш машинасини олиб беришни талаб қилган
Давлат хизматчиси учун энг катта бойлик — лавозим эмас, балки халқнинг ишончи. Бироқ баъзан шахсий манфаат йўлида қилинган биттагина нотўғри қарор йиллар давомида шаклланган обрў-эътиборни ҳам, келажакни ҳам йўққа чиқаради. Бухоро вилоятида содир бўлган навбатдаги коррупция ҳолати ана шу ҳақиқатни яна бир бор яққол намоён қилди. Энг ачинарлиси, қарийб 70 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини “ҳал қилиб бериш” ваъдаси атиги бир дона кир ювиш машинаси билан баҳоланган.
Суд ҳужжатларига кўра, Бухоро вилояти солиқ бошқармасининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими бош инспектори ўз хизмат ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга уринган.
Маълум бўлишича, Вобкент туманида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамият 2022 йилда хориждан 466,3 миллион сўмлик товарларни беғараз, яъни тўловсиз қабул қилган. Амалдаги Солиқ кодексининг 299-моддаси талабларига мувофиқ, ушбу операция учун корхонага 69,9 миллион сўм миқдорида қўшимча фойда солиғи ҳисобланган.
Тергов материалларига кўра, мазкур ҳолатдан хабардор бўлган солиқ инспектори корхона вакилларига қонун доирасида эмас, балки шахсий манфаат асосида “ёрдам” таклиф қилган. У қўшимча ҳисобланган солиқ суммасини камайтириб бериш, шунингдек, ҳолатни камерал солиқ текширувига юбормасликни ваъда қилган.
Бу “хизмат” эвазига эса у корхонага қарашли савдо дўконидан қиймати 6 миллион 50 минг сўм бўлган “LG” русумли кир ювиш машинасини олиб беришни талаб қилган.
Келишувга мувофиқ, 2025 йил 31 июль куни дўкон эгасининг турмуш ўртоғи номидаги банк пластик картасига талаб қилинган маблағ ўтказилган. Шундан сўнг маиший техника воситаси инспекторнинг Ғиждувон туманидаги яшаш манзилига етказиб берилган.
Бироқ коррупцион келишув узоқ давом этмади. Орадан бир кун ўтиб, 2025 йил 1 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу кир ювиш машинаси инспекторнинг уйидан ашёвий далил сифатида расмий тарзда олиб қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди ҳамда Бухоро вилояти судининг кассация инстанцияси томонидан собиқ солиқ ходими Жиноят кодексининг 210-моддаси — пора олиш жиноятида айбдор деб топилди. Суд унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Бу воқеа бир қарашда оддий коррупция ҳолатидек туюлиши мумкин. Аммо унинг мазмунига чуқурроқ назар ташланса, бир нечта муҳим хулосалар келиб чиқади. Аввало, давлат хизматидаги ҳар қандай ваколат шахсий бойлик орттириш воситаси эмас, балки халқ манфаатига хизмат қилиш масъулиятидир. Иккинчидан, пора миқдори катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, унинг оқибати бир хил — қонун олдида жавобгарлик, йўқотилган обрў ва барбод бўлган хизмат фаолиятидир.
Эътиборлиси, қарийб 70 миллион сўмлик масалани ҳал қилиш учун олинган 6 миллион сўмлик маиший техника охир-оқибат мансаб, эркинлик ва обрўдан қимматга тушди. Бир лаҳзалик тамагирлик йиллар давомида орттирилган ишончни йўқ қилди.
Коррупцияга қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Ҳар бир фош этилган ҳолат давлат идораларида қонун устуворлиги таъминланаётганини кўрсатса, ҳар бир жазо бошқалар учун кескин огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади.
Зеро, ҳалол меҳнат билан топилган обрўни ҳеч қандай порага сотиб бўлмайди. Уни йўқотиш эса баъзан бир дона кир ювиш машинаси билан бошланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири