Кинематография соҳасидаги ваколатли давлат органининг тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш борасидаги фаолияти такомиллаштирилади
Ҳар бир мустаҳкам тизим асосини қонун устуворлиги ташкил этади. Ҳеч бир соҳа бусиз ривож топмайди.
Шу мақсадда, Кинематография соҳасидаги ваколатли давлат органининг тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш борасидаги фаолиятида “Хавфни таҳлил этиш” электрон тизимини жорий этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 26 июнда имзоланган ҳужжатга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш механизми жорий этилади.
Хавф даражасини аниқлашда давлат органлари ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, мурожаатлар, ОАВ ва бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.
Хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Хавф даражасини баҳолаш фильмни оммавий намойиш этиш ва хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видео тасвирга олиш соҳалари бўйича алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади. Ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади.
Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчилик асосида ташкил этилади. Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилмайди.
Электрон тизимда аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чоралари қўллаш учун асос ҳисобланмайди.
Шербек Исломов,
ЎзА