Мудофаа ишлари бўлимининг янги биноси
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида миллий армияни янада кучайтириш, ҳарбий-маъмурий тизимни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда ҳарбий хизматчилар учун муносиб хизмат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизнинг барча ҳудудларида мудофаа соҳаси инфратузилмаси тубдан янгиланиб, замонавий талабларга жавоб берадиган объектлар барпо этилмоқда. Бухоро вилояти Пешку тумани мудофаа ишлари бўлимининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилгани ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Янги бинони фойдаланишга топшириш муносабати билан ўтказилган тантанали тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида бошланди. Маросимда Бухоро вилояти ва Пешку тумани ҳокимлиги мутасаддилари, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Қодиржон Турсунов, жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар иштирокида янги бинонинг рамзий очилиш маросими ўтказилиб, алвон лента қирқилди.

Шундан сўнг меҳмонлар бинода яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Кенг ва ёруғ хизмат хоналари, барча зарур техника ва ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган иш кабинетлари, фуқароларни қабул қилиш учун қулай муҳит ҳамда замонавий инфратузилма ҳарбий-маъмурий фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан мудофаа соҳасини ислоҳ қилиш, армиянинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, чақирувчилар ва ҳарбий хизматчилар учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Янги маъмурий биноларнинг барпо этилиши, ҳарбий қисмлар ва мудофаа ишлари бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ана шу эзгу ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Пешку туманида ҳам ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни муносиб касбга йўналтириш ва ҳарбий хизматдан қайтганларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда тумандан муддатли ҳарбий хизматни шараф билан адо этиб қайтган 1300 нафардан ортиқ йигитнинг бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлигининг жорий йил 13 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Ёшлар бандлик дастури” асосида Қуролли Кучларда хизматни ўтаб қайтган ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва муносиб меҳнат фаолиятига жалб этиш бўйича кенг қамровли ишлар йўлга қўйилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири