Кинематография агентлиги: сарҳисоб, эътибор ва эътироф
«Ўзбекфильм» киноконцернида Кинематография агентлигининг бир йиллик фаолияти бўйича йил сарҳисобига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Унда агентлик жамоаси, актёр ва актрисалар, турли ташкилотлар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов ва бошқалар миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалий натижалар бераётганини таъкидлади.
Айниқса, жорий илда «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг ўтказилиши муҳим тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур кинофестиваль давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланиши ва бунда Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги «Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Бўлиб ўтган тадбирда шулар ҳақида сўз юритилди. Маросимдан кўзланган мақсад жорий йил давомида, хусусан, «Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивалини ташкиллаштириш ва халқаро фестиваллар даражасида ўтказишда Кинематография агентлигига яқиндан кўмак берган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси марказий аппарати ходимлари, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, агентлик ва тизим ташкилотлари ходимлари киноижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали равишда тақдирлашга қаратилди.
Шу тариқа, тадбирда иштирокчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғаларни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов топширди.

– Мен бу йил «Халқ юраги» лойиҳасида қатнашганимдан бениҳоя хурсандман, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева. – Чунки 24 нафар адиб бағишлаб олинган ҳужжатли фильмлар халқимизга тақдим этилди. Мазкур лойиҳанинг иккитасида қатнашиш менга ҳам муяссар этди.
Наврўза Бийназова режиссёрлигида «Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман» ҳужжатли фильмида Зулфияхоним, Элжон Аббосов сценарий муаллифи ва режиссёрлигида олинган «Ойбек» ҳужжатли фильмида Зарифахоним образларини ижро этдим. Бугунги эътироф эса ана шу каби ишларим маҳсулидир.

Тадбирда «Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивалида ўтказилган тадбирлар, ижодий лойиҳалар ва натижалар бўйича видеороликлар намойиш этилди. Тақдим этилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
Тадбирнинг кечки дастурида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ёшлик киностудияси» ДУК томонидан суратга олинган «101 рейс» бадиий фильмининг ёпиқ намойиши бўлиб ўтди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА