“Кичик сержант”ларга дипломлар топширилди (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг тантанали битирув маросими бўлиб ўтди. Ушбу қувончли айёмда 209 нафар тингловчилар дипломларини қўлларига олишди. Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг тегишли буйруғига асосан уларга “кичик сержант” махсус унвони берилди.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўз олдига улкан мақсадларни қўйган, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида сифатли таълим жараёнига жуда катта аҳамият берилаётганлигини, ушбу эзгу ғоя ва мақсадларнинг рўёби сифатида ўз Ватанига содиқ бўлган, юксак салоҳиятли, ҳақиқий ватанпарвар ички ишлар органлари ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳи бўлишимиз мумкин. Таълим даргоҳида тингловчиларнинг замонавий билим олишлари, рақамли технологиялар ҳамда махсус воситаларни мукаммал эгаллашлари, шунингдек жисмонан соғлом ва маънан етук бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Институтда “Йўл-патруль фаолияти”, “Патруль-пост хизмати фаолияти”, “Паспорт тизимини таъминлаш фаолияти”, “Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти”, “Жазони ижро этиш фаолияти” йўналишларида махсус беш ойлик дастур асосида белгиланган қабул квотаси бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Ўтган давр мобайнида тингловчиларга таълим беришнинг модул тизими асосида базавий ва амалий касбий тайёргарлик шаклланди, ўқув жараёни назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари асосида олиб борилди. Тингловчиларнинг касбий тайёргарлиги ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизими жорий этилди.
Бўлиб ўтган битирув маросими нафақат институт устоз-мураббийлари балки битирувчиларнинг ота-оналари учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Қалби пок орзу-умидлар билан тўлган, азму шижоатли тингловчилар тимсолида, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўришимиз мумкин.
Тантанали маросимда Ички ишлар вазирлиги ва Малака ошириш институти раҳбарияти, вазирлик масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, жамоатчилик вакиллари, ички ишлар фахрийлари, тингловчиларнинг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб қадрдон Институти, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, янги ҳаётга янада кучли масъулият билан қадам қўяётган битирувчиларни чин қалбдан табриклаймиз. Мустақил ҳаёт сари ташлаётган дадил қадамингиз қутлуғ бўлсин.
Батафсил:
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/3OiOiII5-pc" title="IIV BITIRUV TAYYOR~1" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА