Кибержиноятлар хавфи ва унга қарши чоралар самарадорлиги
Бугунги ахборот асрида рақамли технологияларнинг кенг имкониятлари билан бирга бир қатор муаммолари, салбий жиҳатлари ҳам борлиги барчамизга аён. Жумладан, компьютерлар, тармоқлар, интернет ёки рақамли тизимлар орқали содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар — кибержиноятлар сони ва хавфи кундан-кунга ортиб бормоқда.
Бу турдаги жиноятлар шахсий маълумотларни ўғирлашдан тортиб, банк ҳисобларини бузиш, вирус тарқатиш ва онлайн фирибгарлик кўринишида содир этилмоқда. Фойдаланувчини алдаш орқали парол, карта рақами ёки шахсий маълумотларни қўлга киритиш, компьютер ёки серверларга рухсатсиз кириш орқали маълумотлар ўғирланмоқда, тизимлар ишдан чиқарилаётгани кузатилмоқда.
Бундан ташқари, интернет-дўконлар, криптовалюта, инвестиция ёки ижтимоий тармоқлар орқали пул ўғирлаш каби кибержиноятлар оқибатида кўплаб молиявий зарарлар кўрилмоқда. Бу жиноятлар оқибатида шахсий маълумотлар тарқалиши, шунингдек, давлат тизимларига хавф юзага келиши мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйлаб биргина 2024 йилда 15 миллиондан ортиқ киберҳужум қайд этилган. Мазкур кибержиноятлар туфайли келтирилган молиявий зарар 16 миллиард доллардан ошган. Бу 2023 йилга нисбатан 33 фоизга кўпдир.
Энг кўп учрайдиган кибержиноят тури — фишинг (фойдаланувчини алдаш орқали парол, карта рақами ёки шахсий маълумотларни қўлга киритиш) бўлиб, 2024 йилда барча киберҳужумларнинг тахминан 38 фоизини ташкил этган.
Ўзбекистонда ҳам кибержиноятлар сони кўпайиб бормоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги 5 йил ичида бу турдаги жиноятлар 68 бараварга ошган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарликлардир.
Таъкидлаш лозимки, интернет фойдаланувчилари сонининг ортиши, онлайн тўловлар кўпайиши, сунъий интеллектдан ғараз мақсадларда фойдаланиш, фуқароларнинг оддий пароллар ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги, эътиборсизлиги каби омиллар кибержиноятлар кўпайиб боришига сабаб бўлаверади.
Шундай экан, кибержиноятларга қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш энг долзарб масалалардан бири. Бунинг учун, аввало, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш энг биринчи қадамлардан ҳисобланади. Бу борада бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Айни пайтда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланаётган ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси юқоридаги каби масалаларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу қонун лойиҳасида кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги ушбу йўналишдаги ваколатли орган сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат органлари, банклар, тўлов ташкилотлари ҳамда интернет-провайдерлар зиммасига ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шубҳали молиявий операцияларни мониторинг қилиш ва ваколатли органларга тезкор ахборот тақдим этиш бўйича қўшимча мажбуриятлар юкланмоқда.
Айни вақтда қонун лойиҳаси қуйи палатанинг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда. Ишчи гуруҳ йиғилишларида халқ вакиллари томонидан берилган таклифлар кўриб чиқилиб, лойиҳани янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Депутатларнинг молиявий хавфсизликни мустаҳкамлаш, рақамли далиллар билан ишлаш тартибини янада аниқлаштириш, халқаро ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш бўйича бир қатор таклифлари асосида қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги ахборот ва рақамлаштириш замонида киберфирибгарликлардан огоҳ ва ўта эҳтиёт бўлиш зарур. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг киберсаводхонлигини ошириш, зарарли иловалардан сақланиш, шахсий маълумотлар ва пароллар хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Кўпайиб, тури ва кўриниши янгиланиб бораётган кибержиноятларга қарши курашишда қонунчилик асосларининг такомиллаштириб борилиши эса бугунги давр талаби.
Муҳтарама Комилова, ЎзА