Кибертаълим сари илдам қадамлар
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида жойлашган Cyber University давлат олийгоҳида таълим жараёнлари ва талабаларга яратилган замонавий шароитларни таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Тадбир доирасида журналистларга дастлаб университетнинг замонавий инфратузилмаси кўрсатилди. Улар ўқув биноларидаги криптография, Wi-Fi Bridge ва VoIP технологияларига ихтисослашган лабораториялар, 300 ўринли Ахборот ресурс маркази, 501 ўринли фаоллар зали ҳамда рақамли таълим муҳитини кўздан кечирди. Шунингдек, иштирокчилар талабалар учун барча қулайликларга эга кўп қаватли талабалар турар жойи, ошхона, спорт мажмуаси ва "Green Campus" концепцияси асосида барпо этилган экологик инфратузилма ҳақида маълумотлар олди. Қуёш панеллари, сувни қайта ишлаш тизими ҳамда энергия тежамкор технологиялар университетнинг экологик масъулиятга алоҳида эътибор қаратаётгани эса қувонарлидир.

Шундан сўнг мазкур олийгоҳ ректори Шуҳрат Қаюмов ҳамда масъул мутахассислар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда таълим даргоҳининг фаолияти, қабул жараёнлари, таълим дастурлари, халқаро ҳамкорлик ва келгусидаги истиқболли режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бугун рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳалари дунёда асосий драйверларидан бирига айланган. Ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларга эса доим ҳар жабҳада талаб юқори бўляпти. Шу нуқтаи назардан Cyber University мамлакатимиз учун рақамли трансформация жараёнига муносиб ҳисса қўша оладиган кадрларни тайёрлашни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаган.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, университетга қабул Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги натижалари асосида амалга оширилади.

– Бу йил бакалавриат учун 1 минг 200 та, магистратура учун эса 75 та қабул квотаси ажратилган, – дейди қабул комиссияси раиси Улуғбек Саидғаниев. – Талабаликка қабул қилинганлар давлат гранти асосида таҳсил олиш имконияти ҳам мавжуд. Шунингдек, "Cyber Academy" тайёрлов курсларини муваффақиятли тугатган ёшлар имтиҳон орқали қабул қилиниши, халқаро IT сертификатлари ёки нуфузли CTF мусобақалари ғолиблари эса суҳбат асосида талаба бўлиши маълум қилинди.
Муҳими, бу университетда таълим жараёни назария ва амалиёт уйғунлиги асосида ташкил этилган. Дарслар биринчи босқичда ўзбек ва рус тилларида ўтилса, юқори курсларда инглиз тилида олиб борилади. Бу эса талабаларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.

Тадбирда мутахассислар томонидан White Hacker, AI Engineer, IoT Defender, Code Master каби техник йўналишлар, шунингдек, рақамли криминалистика, киберхавфсизлик менежменти ва рақамли иқтисодиёт бўйича ҳам кадрлар тайёрланаётгани қайд этилди. Олийгоҳнинг халқаро ҳамкорлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, “Stanford Engineering Center for Global & Online Education”, “Xidian University” ҳамда “University of Washington” каби нуфузли халқаро университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани талабалар учун тажриба ва академик алмашинув имкониятларини янада кенгайтираётгани таъкидланди.

Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, сардорлик қобилиятини ривожлантириш ва стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хакатонлар, CTF мусобақалари, “Startup Garage” лойиҳалари, тил курслари ва ёзги таълим дастурлари мунтазам ташкил этилаётгани ҳам маълум қилинди. Якунда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга университет раҳбариятидан атрофлича жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА