Энг билимли ўқувчилар шарафланмоқда
Сурхондарё вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимлари умумтаълим мактабларини олтин, кумуш медаль билан битирган ҳамда фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган ва муддатидан олдин талаба бўлган ўқувчилар билан учрашмоқда. Уларни ютуқлари билан табриклаб, эсдалик совғаларини топширмоқда.
Бойсун тумани ҳокимлигида мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ўқувчиларнинг устозлари ва ота-оналари иштирокида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда туман ҳокими Баҳодир Шукуров аълочи ўғил-қизларни мактабни муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олгани билан қутлади. Уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига омад тилади.

Жорий йил тумандаги 62 та умумтаълим мактаби ва ихтисослаштирилган мактабни 1 минг 723 нафар битирувчи тугатди. Уларнинг 204 нафари турли миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритиб, муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлди. Олти нафар ўқувчи олтин ва 23 нафари кумуш медаль билан тақдирланди.

Тантанали тадбирда олтин ва кумуш медаллар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, халқаро ва республика танловлари ғолиблари, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган, олий таълим муассасаларига муддатидан олдин талабаликка тавсия этилган битирувчилар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Вилоятда якунланган ўқув йилида мактабларнинг 11-синфини битирган 37 минг 790 ўқувчининг 325 нафари олтин ва 86 нафари кумуш медаль билан тугатди. Уч юздан ортиқ ўғил-қиз муддатидан олдин ўзлари танлаган касб бўйича нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам чуқур билимга эга, изланувчан ва истеъдодли битирувчи ўқувчилар улуғланиб, улар эришган ютуқлар муносиб рағбатлантирилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири