Ўхшасак ҳам ўзимизга ўхшайлик ёхуд маданиятимизга тушаётган доғ лар...
Одамлар билан ўзаро муносабатлар турлича ва ранг-баранг бўлади.
Одамлар билан ўзаро муносабатлар турлича ва ранг-баранг бўлади. Кимдир хушмуомала, очиқ юз, ширинсуханлиги билан, бошқаси эса қўполлиги, ўйламай сўз айтиши, дилозорлиги билан, яна кимдир умуман, бепарво ва бефарқлиги билан ажралиб туради. Одамлар ўз хусусиятлари билан турличадир ва бир-биридан фарқ қилади. Буни PR нуқтаи назари билан баҳоласак, оқ ва қора деб фарқлашимиз мумкин. Оқ пиарда – самимий муносабатлар, қора пиарда эса аксинча, кўнгли қоралик билан қилинадиган саъй-ҳаракатлар акс этиб туради назаримизда…
Бугунги кунда баъзи бир одамларнинг ҳатто машҳур кишиларнинг ўзларини реклама қилиш, тобора танитиб бориш, машҳур бўлиш мақсадида қора пиардан фойдаланаётгани бизни таажжубга солмоқда.
Машҳурлик ортидан қувадиган, шов-шувларга ўч ёшлар қора пиар мухлисига айланиб қолди. Одамлар орасида салбий гап-сўзлар, миш-мишлар тез тарқалиши эса уларга қўл келмоқда.
Масалан, Жаҳонгир Отажоновнинг "фа-фа" челленжини кўриб, ҳайратдан ёқа ушладим. Аввалига уларнинг ўзлари бўлмаса керак, бирор қиёфадоши обрўсизлантириш мақсадида, атайлаб уюштиргандир деган хулосага борганман. Чунки Жаҳонгир Отажоновга сўз усталари, ҚВЗ жамоалари ўртасида тақлид намойишлари жуда кўп амалга оширилади.
Ёки ёш йигитнинг Насафий тахаллуси билан оппоқ соч-соқол қўйиб қўшиқ куйлаши ёшлар ўртасида турли хил миш-мишларга ва шов-шувларга сабаб бўлди.
Балки мана шундай чиқишлар ижобий пиардан кўра кўпроқ оммалашар, танилишнинг тезкор ва самарали усули бўлиши мумкиндир, аммо бу умуман миллий маънавиятимизга тўғри келмайдиган ҳолатдир. Маданиятимизга тушаётган доғдир.
Энг ачинарлиси, айрим хусусий ОАВ ва интернет каналлари, блог ва тармоқлар, сайт ва саҳифаларда бу каби материалларни жойлаштирилиб борилаётганидир. Ахборотга ўч ёшларни шу зайлда маҳлиё қилиб, нафақат маънавиятига тажовуз қилинмоқда, балки уларда қизиқиш уйғотмоқда. Ёшлар кимга тақлид қилаётганини билиши ва ахборот танлаш маданиятига эга бўлиши лозим. Аммо минг афсуски, айрим ёшларимиз шу каби инсонларга тақлид қилиб, улар ташкил қилган челленжларда фаол иштирок этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, қора пиар айрим ёшлар учун самарали тарғибот воситасига айланиб қолди. Миллий санъатимизнинг оҳори тўкилмоқда, ҳурмати ерга урилмоқда. Бизнинг шоу бизнес соҳамиз ҳам шарқона бўлсин, ўзига хос бўлсин. Тарбиявий аҳамияти билан мафтун қилсин. Айрим Европа давлатларидагидек санъатимизни, маданиятимизни ярим яланғоч талқинлар, беўхшов хатти-ҳаракатларнинг қурбонига айлантириб қўймайлик.
Шу ўринда, юртимизда ўлмас қўшиқлар ижро этган ва ҳали-ҳамон уларнинг бетакрор ижролари халқимиз юрагидан муқим жой олиб келаётган Ортиқ Отажонов, Комилжон Отаниёзов, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаевалардек санъаткорларимизни бу йўл билан танилмаганини эслашнинг ўзи кифоядир. Ўхшасак ҳам ўзимизга ўхшайлик.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
"Маърифат" зиёлилар клуби аъзоси,
«Миллий тикланиш» партияси
Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби