Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида илмий алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди
Қозон шаҳрида амалга оширилган ишчи ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов ҳамда Татаристон Республикаси Фанлар академияси президенти Р.Н.Минниханов томонидан 2026–2030 йилларда икки академия ўртасидаги илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Мазкур ҳужжат 2025 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумининг мантиқий давоми бўлиб, икки томонлама илмий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириш ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотлар соҳасидаги ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамкорлик режаси физика-математика, техника, кимё-биология, шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишларини қамраб олган. Унда устувор илмий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, олимлар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, халқаро илмий анжуман ва семинарлар ташкил этиш ҳамда икки академия тизимидаги илмий ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Режанинг амалга оширилиши икки томоннинг илмий салоҳияти ва мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланиш, истиқболли тадқиқот йўналишларини биргаликда ривожлантириш ҳамда илмий ишланмалар натижаларини амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиришга замин яратади.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ёш олимлар ва тадқиқотчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий кадрлар тайёрлаш борасида тажриба алмашиш ва ёш авлод вакилларининг халқаро илмий лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман, мазкур келишув Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги анъанавий илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли илмий шерикликни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни аниқ амалий натижалар билан бойитиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА