Хоразмда интеллектуал мулк соҳаси ривожланади
Хоразм вилоятида Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги томонидан сайёр учрашув ташкил этилди.
Тадбирда туман ва шаҳар ҳокимларининг тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси, савдо-саноат палатаси масъул ходимлари, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот инстутлари илмий изланувчилари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи юзасидан ўтказилган учрашувда соҳа комплекс таҳлил қилиниб, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш учунбир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Урганч шаҳрида ўтказилган учрашувда интеллектуал мулк агентлиги раҳбари Тўлқин Абдусатторов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Айбек Машарипов сўзга чиқиб, вилоятда интеллектуал мулк объектларини муҳофаза этиш орқали тадбиркорлар ўртасида ноҳалол рақобатни олдини олиш, муаллиф яратган ишланмасидан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш ва ундан фойда кўриш, турли низоларни суд ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги апелляция кенгашларида ҳал этиш, патент орқали интеллектуал мулк объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини белгилаш мумкинлигини таъкидлади.

Мазкур тадбирлар барча ҳудудларда жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Андижон, Наманган, Фарғонада ўтказилмоқда, – дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати раҳбари Феруз Жўраев. – Учрашувларда соҳа мутахассислари томонидан интеллектуал мулкни патентлаштириш жараёни, мулкни муҳофаза қилиш аҳамияти, товар белгисини компания имижини яратишдаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Бугунги тадбирда ҳам тадбиркорларга миллий бренд яратишнинг ўзига хосликлари, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тартиби, юртимиздаги жой номлари билан боғлиқ товар ва хизматларни оммалаштириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, тадбиркорлар ва патент эгалари, илм-фан вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда давлат идоралари билан биргаликда соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқишда ҳамкорликни ўрнатиш, тадбиркорларга миллий брендни яратиш, товар белгаларини миллий ва халқаро рўйхатдан ўтказишдаамалий ёрдам кўрсатиш, интеллектуал мулк яратувчилари учун имтиёзларни жорий қилиш белгиланди.
Айни дамда Хоразм вилоятида 45 та интеллектуал мулк объектлари амалда фойдаланиб келинмоқда. Эндиликда, Хоразм қовунлари, Гурлан гуручи, Ҳазорасп олмаси, Боғот узуми, “Катта боғ кошинлари”, Хоразм чўгирмаси каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳудудий мансублиги бўйича руйхатдан ўтказиб, халқаро бозорларда фаол тарғиб қилиш режалаштирилмоқда.
Учрашув Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонасида давом этди. Тадбир иштирокчилари хивалик хунармандларнинг ишланмалари билан танишишди.
– Телпакдўзлик ҳунари ота-боболаримиздан бизга мерос, – дейди ҳунарманд Шокир Абдуллаев. – Мен саккизинчи авлод вакилиман. Хоразм чўгирмаси бутун дунёда машхур чунки, қадимий хивамизга келган ҳар бир сайёҳ ўзи билан чўгирма олиб кетади. Мен ҳам “Хива чўгирмаси” бренди остида ўз маҳсулотимни сотишни хоҳлайман.
Учрашувлар давомида Интернет тармоғида муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимоясини таъминлаш, адабий ва бадиий асарлардан муаллифлар рухсатисиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ўзаро ҳамкорлик ишларини олиб бориш белгиланди.