Хитойда мингта қадимий танга топилди
Хитойнинг Хэбэй провинциясидаги Вэйсянь туманининг Чжанхуабао қишлоғида мингдан зиёд қадимий танга топилди.
Хитойнинг Хэбэй провинциясидаги Вэйсянь туманининг Чжанхуабао қишлоғида мингдан зиёд қадимий танга топилди. Бу ҳақда Синьхуа ахборот агентлиги хабар қилди.
Чақалар 960-1127 йиллар оралиғида ҳукмронлик қилган Сун династияси даврига тегишли экани айтилмоқда.
Мазкур қимматли хазинани маҳаллий ҳаваскор археолог излаб топди. У Чжанхуабао қишлоғидаги ибодатхона вайроналарини титкилаётганда, тасодифан оёғи остидан бир нечта танга чиқиб қолди. Шундан кейин қизиққон изланувчи ерни қазишга тушди. 13 кунлик машаққатли меҳнатдан сўнг, ниҳоят танга тўла кўза кўринди.

Хазина тўғрисида туман маданий ёдгорликлар департаментига хабар қилингач, воқеа жойига мукаммал қазиш ишларини олиб бориш мақсадида мутахассислар етиб келишди.
Таъкидланишича, тангаларнинг аксарияти занг босган ва мажақланган. Энди экспертлар топилган жисмларни тозалаш ва батафсил тадқиқ этишни режалаштиришмоқда.