ХДПнинг муниципал уйлар қуриш ташаббуси амалга ошадими?
Бу ташаббус қачон амалиётга жорий этилишини билиш ниятида партия раҳбариятига мурожаат қилдик.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида муниципал уйлар қуриш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ташаббус қачон амалиётга жорий этилишини билиш ниятида партия раҳбариятига мурожаат қилдик.
– Ростдан ҳам Сайловолди дастуримизнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида муниципал уйлар қуриш ташаббусини илгари сурган эдик. Таклифга кўра, бу уйлар икки хил тоифада бўлиши белгиланган. Биринчи тоифадаги ижтимоий уйлар бирор тадбиркорлик субъекти балансида бўлади ва арзон нархларда ижарада яшаш учун берилади. У ерда яшовчилар коммунал тўловларни ҳам тўлайди. Иккинчи тоифа уйлар эса ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни арзон уй-жой билан таъминлаш учун қурилади. Бу тоифадаги уйлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қурилиб, ўз эгаларига топширилмоқда. – деди Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятов.
– Туман кенгашларимиз томонидан барча туман раҳбарларига ўша ҳудудларда муниципал уйлар қуриш таклифи маълум қилинган. Зангиота туманида ногиронларга ва ижтимоий қийин ҳолатга тушиб қолган аёлларга уй-жойлар бепул қуриб берилмоқда. Бизнинг фракция муниципал уйлар қуриш учун қонуний асос устида ишлаяпти. Ижтимоий жиҳатдан қийин шароитдаги аёлларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, шу таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритганмиз, – деди Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова.
Эслатиб ўтамиз, муниципал уй-жойлар дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида мавжуд бўлиб, улар қулай, ихчам, замонавий ва ижара тўлови арзонлиги билан ажралиб туради.