Халқимиз узоқ кутган фармон
Бугун халқимиз муҳим ўзгаришлар даврида яшаяпти.
Бугун халқимиз муҳим ўзгаришлар даврида яшаяпти. Ҳар жабҳада фуқаролар манфаати, юрт тараққиётига хизмат қилувчи самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бошланган хайрли саъй-ҳаракатлар натижалари эса одамларнинг кундалик ҳаётида аллақачон ўз аксини кўрсатяпти. Энг муҳими, халқимиз қабул қилинаётган қонун, қарор ва давлат дастурларида Ватан тараққиёти, ўз ҳаёти ва фарзандлари келажагини кўрмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Фармони ҳам халқимизнинг яхши кунларига хизмат қилувчи навбатдаги хайрли ташаббуслардан бири бўлди.
Ушбу Фармоннинг аввалгиларидан фарқи ва муҳимлиги шундаки, унда халқимизни йиллар давомида қийнаб келган ва шу пайтгача ҳеч кимга ошкор қилмай юрагининг туб-тубида сақлаб келган дардлари, муаммо ва камчиликлари ўз аксини топган ва Фармонда уларнинг ечим бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Жумладан, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилади ва кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинади.
2020 йилдан бошлаб пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режаси, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиётига барҳам берилади. 2020 йилда лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар камида икки бараварга қисқартирилади.
Туманларда камида биттадан “Ишга марҳамат” моно марказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этилади ва уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг тадбиркорлик асослари бўйича ва касбга ўқитилиши таъминланади.
2020 йил 1 августга қадар Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳасини ишлаб чиқилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштирилади ва олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга қисқартирилади. Олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич икки бараварга оширилади.
2020 йилда давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланиши ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайтирилади.
Фармонда халқимиз манфаати, ўй-хаёллари, қарашларини ўзида мужассамлаштирган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Боиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлар томонидан сайловчилар билан бўлган учрашувларда ушбу Давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди, аҳолидан юзлаб таклифлар олинди, фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Умумлаштирилиб, тегишли соҳа мутахассислари, экспертлар томонидан чуқур таҳлил қилинди ва улар асосида Давлат дастури лойиҳасига концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Халқимиз узоқ кутган Фармон эълон қилинди, эндиги асосий мақсад унинг ижросини тўлалигича таъминлаш лозим. Бу барча даражадаги депутатлик корпуси вакилларига катта масъулият юклайди. Сабаби, янги Ўзбекистоннинг янги депутатлари ўз фаолиятини Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган сўнгги Мурожаати ва “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилиб, ҳудудларда аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиши ва ижобий ечими топишда ташаббускор кучга айланиши лозим.
Абдумалик АКРАМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати