Халқаро олимпиадага номзодлар сараланди
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқув жараёнини таъминлаш базаси ва “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув майдонида Қуролли Кучлар миқёсида “Ҳарбий-касбий тайёргарлик” олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқув жараёнини таъминлаш базаси ва “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув майдонида Қуролли Кучлар миқёсида “Ҳарбий-касбий тайёргарлик” олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ўтказиладиган “Ҳарбий-касбий тайёргарлик” олимпиадасига саралаш босқичи ҳисобланган мазкур мусобақада Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти, Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ва Миллий Гвардия ҳарбий-техник институти курсантлари беш кун давомида ўзаро баҳслашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Курсантлар назарий билимлардан ташқари “Армия биатлони”, “Машғулотда қийин бўлса, жангда осон бўлади”, “Нишонни аниқ йўқ қилиш”, “Мураккаб тўсиқлар йўлагидан ўтиш”, “Белгиланган ҳудудни харита орқали топиш”, “НАТО йўлагида эстафета” каби 12 йўналишда ўз билим ва кўникмаларини намойиш этди. Юқорида санаб ўтилган мусобақанинг ҳар бир йўналишдаги топшириқларни жамоаларнинг олти нафардан қатнашчиси аниқлик ва матонат билан бажаришга ҳаракат қилди.
“Ҳарбий-касбий тайёргарлик” олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун беллашувлар муросасиз курашларга бой бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, бу борада Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ва Қуролли Кучлар академияси курсантлари кўрсатган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли. Бу икки жамоа ҳар бир ўтказилган мусобақадан сўнг, навбати билан биринчи ҳамда иккинчи ўринларни банд этиб турди. Баҳслар давомида олинган кичик жароҳатлар ҳам курсантларнинг ғолиблик учун бўлган иштиёқини сўндирмади.
“Ҳарбий-касбий тайёргарлик” олимпиадасининг республика босқичида курсантлар “НАТО йўлагида эстафета” баҳсларини “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув машғулотлари майдонининг халқаро талабларга жавоб берадиган, янги қуриб фойдаланишга топширилган майдончасида ўтказди.

Якуний натижаларга кўра, “Ҳарбий-касбий тайёргарлик” олимпиадасининг республика босқичида 1-ўринни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси эгаллади ва 2020 йил ўтказиладиган VI халқаро олимпиадага йўлланма олди.
Эслатиб ўтамиз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари иштирокидаги VI халқаро олимпиадасига 2020 йил 17-23 май кунлари Ўзбекистон мезбонлик қилади.