Кемеровода Усмон Носир ёд этилди
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Кемерово шаҳрида қатағон қурбони бўлган оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди.
“Ватандошлар” жамоат фонди, ҳудуддаги ўзбек диаспораси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари, фаол ватандошлар, ўзбек талаба-ёшлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Халқимизнинг машҳур фарзанди Усмон Носир ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлиги билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирди. Қатағонга учраган шоирнинг ҳаёт йўли ва мероси бугун кенг ўрганилмоқда.

Тадбир иштирокчиларига шоирнинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи кўргазма ва видеолавҳалар, шу билан биргаликда, таниқли режиссёр Мурод Азамов томонидан саҳналаштирилган “Усмон Носир” спектакли тасвиридан парчалар намойиш этилди. Ўзбек талабалари шоирнинг “Оқ шеър”, “Менинг боғим”, “Юрак” каби шеърларини ўқишди.
Тадбирда Бош консулхона томонидан мамлакатимизда миллий тарихимиз ҳамда ўзбек халқи орасидан дунёга машҳур бўлган буюк аждодларимизнинг хотираларини абадийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимизда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаётгани бунинг амалий ифодаси эканлиги таъкидланди.
Видеоконференция орқали сўзга чиққан “Ватандошлар” жамоат фонди раҳбари Одилжон Сатторов шоирнинг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлиги ҳақида сўз юритди.

– Усмон Носир нафақат Ўзбекистонда, балки барча МДҲ мамлакатларида таниқли шоирлардан бири ҳисобланади, – дейди режиссёр Евгений Алладинский. – Унинг шеърлари Кемерово вилояти аҳолисининг қалбларидан жой эгаллаган. Ушбу тадбирда қатнашган иштирокчилар, улар қаторида шахсан мен ҳам шоир ҳақида янги маълумотларга эга бўлдик. Бугун ўтказилган тадбир Ўзбекистон Ҳукумати томонидан ўз фуқароларига, ватандошларига ҳамда ўзбек халқининг буюк аждодларига бериб келаётган алоҳида эътиборни яққол намоён этди.
Н. Бозорова, ЎзА