Кемалар «қабристони»да мусиқа янграйди
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йил 6-8 май кунлари Мўйноқдаги кемалар "қабристони"да «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали бўлиб ўтади.
Лойиҳа 2017 йилда Мўйноқ шаҳрида Орол денгизининг экологик ҳалокатидан хабардорликни ошириш ва минтақанинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистонда яшовчи халқларни бутун дунёга танитиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Орол фожиаси бутун Марказий Осиё минтақасидаги энг кескин экологик муаммо бўлиб қолмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблиясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятини ушбу табиий офатга эътибор қаратишга ва бу борада саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирган эди.
«Стихия» бутун дунёдан мусиқачилар, «ДЖ»лар, продюсерлар, рассомлар ва олимлар иштирокидаги бир нечта лойиҳаларнинг аралашмасига айланди. Уларнинг барчасини ер юзидаги ўзига хос масканда диққатга сазовор жой яратиш мақсади бирлаштиради.
Бу йилги фестиваль учун электрон, прогрессив ва этник каби учта алоҳида-алоҳида саҳна яратилади. Унда Ўзбекистон, Туркия, Россия, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Нидерландия, Украина, Франция, Швеция ва Япониядан 30 га яқин машҳур «ДЖ»лар иштирок этиши кутилмоқда.
Фестиваль ўзида «Стихия Ген лойиҳалари», «Форум Стихия Н+1», «6 миллиард дарахт» ва турли ижтимоий ташаббусларни қамраб олади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА