Келгусида ижтимоий хизматлар кенгайтирилади
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2026–2030-йилларга мўлжалланган UNFPA Мамлакат дастури лойиҳаси ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар дастур лойиҳасини батафсил кўриб чиқиб, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва эҳтиёжманд гуруҳларни қўллаб-қувватлашга қаратилган асосий ташаббуслар юзасидан фикр алмашди.

Сўнгги йилларда UNFPA билан ҳамкорлик доирасида репродуктив саломатлик соҳасида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, “Инсон” марказлари мутахассисларининг малакаси оширилди, зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича миллий стандартлар ишлаб чиқилди. Бу эса эҳтиёжманд гуруҳларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқди.
Учрашув давомида яқин йилларга мўлжалланган асосий устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Қайд этиш лозимки, ҳозирда ҳимояга муҳтож гуруҳларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кенгайтириш ҳамда йирик тадқиқот ташаббусларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Мулоқот якунида томонлар келгуси ҳамкорликни давом эттириш ва ижтимоий ҳимоя ҳамда гендер тенгликни илгари суриш бўйича янги ташаббусларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА