Келажак Сардобаси бугундан режалаштирилмоқда
Сардоба туманида ҳудуднинг узоқ муддатли тараққиётини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат — мастер-режани ишлаб чиқиш ишларига старт берилди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган дастур доирасида тайёрланаётган мазкур ҳужжат туманнинг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилаб беради.
Лойиҳа «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» ва «Ўзбекистонда яшаш учун қулай ва барқарор шаҳарлар» (PforR – Program-for-Results) дастури доирасида амалга оширилмоқда. У ҳудудни замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратишга қаратилган.
Мастер-режани ишлаб чиқиш мақсадида Жанубий Кореянинг DOHWA Engineering Co., Ltd. компанияси раҳбарлигидаги халқаро консултантлар консорциуми Сардоба туманига ташриф буюрди.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Ботиров иштирокида ўтказилган учрашувда халқаро тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш, муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, жамоат ҳудудлари ва яшил маконларни кенгайтириш, транспорт тизимини такомиллаштириш ҳамда инвестицияларни жалб этишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати шундаки, мастер-режани ишлаб чиқиш жараёнида халқаро экспертлар ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, транспорт инфратузилмаси, ер ресурслари, инвестиция имкониятлари ҳамда шаҳарсозлик истиқболларини комплекс ўрганиб, Сардобанинг келгуси ривожланиши бўйича таклиф ва амалий ечимлар ишлаб чиқади.
Таъкидланганидек, мастер-режа фақат қурилиш ҳужжати эмас. У Сардобанинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияси бўлиб, аҳоли сонининг ўсиши, транспорт оқими, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ўзаро уйғун ривожлантиришни назарда тутади. Шунингдек, унда турар жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, дам олиш масканлари ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини жойлаштириш бўйича аниқ ечимлар белгиланади.
— Бу лойиҳа Сардобанинг келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади. Аввало, туманнинг барча имкониятлари чуқур таҳлил қилиниб, халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади. Мазкур ҳужжат қурилиш ишларини тизимли ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади, — деди Сардоба тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Ботиров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири