Келажак кадрлари бугундан шаклланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳасига, қолаверса, ёшларга бўлган юксак эътибори туфайли сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг сифатли билим олиши ва ўз иқтидорини тўла намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу албатта қувонарли. Зеро, таълимдаги ҳар бир ўзгариш, аввало, инсон капиталига, мамлакатнинг эртанги тараққиётига қўйилаётган муҳим қадамдир.
Бугун бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси таълим билан қамровнинг кенгайиши, янги таълим муассасаларининг ташкил этилиши, ўқув дастурларининг янгиланиши, замонавий педагогик технологияларнинг жорий қилиниши, ёшларнинг илм-фан ва инновацияларга қизиқиши ортиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йилда олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етди.
Энг муҳими, бугун олий таълим олдига фақат талабалар сонини кўпайтириш эмас, балки замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, изланувчан, рақобатбардош ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш вазифаси қўйилмоқда. Бу эса таълим муассасаларида ўқув жараёнини замонавийлаштириш билан бир қаторда, илм-фан, инновация, рақамли технологиялар ва халқаро тажрибани таълим амалиётига кенг татбиқ этишни талаб этади.

Зеро, ёшларга фақат диплом эмас, балки мустаҳкам билим, замонавий касб, амалий кўникма, мустақил фикрлаш қобилияти, янгилик яратишга интилиш ва келажакка ишонч бериш муҳим. Ана шу мезонлар бугунги таълим ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда.
Сирдарё вилоятида кейинги йилларда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам ана шу мақсадлар билан уйғун. Бу жараённи Гулистон давлат педагогика институти мисолида яққол кўриш мумкин.
Ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган институтда бугун 5818 нафар талаба таҳсил олмоқда. 19 та бакалавриат ва 14 та магистратура таълим дастури бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Тўртта факультет, 11 та кафедра ва 5 та ўқув лабораторияси фаолият кўрсатмоқда.
Бу рақамлар шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Уларнинг ҳар бири ортида келажакда мактаб ва мактабгача таълим тизимида фаолият юритадиган, ёш авлодга билим ва тарбия берадиган минглаб мутахассисларнинг тақдири мужассам. Бугун аудиторияларда таҳсил олаётган талабаларнинг билим ва касбий салоҳияти эртага ҳудуддаги таълим сифатига, пировард натижада эса мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятига таъсир кўрсатади.

Шу нуқтаи назардан, педагогика институтида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотнинг бош мақсади инсон капитали сифатини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга, рақобатбардош педагог кадрларни тайёрлашдан иборат.
Бугун институтда 146 нафар профессор-ўқитувчи асосий штатда меҳнат қилмоқда. Уларнинг 61 нафари PhD, 4 нафари DSc илмий даражасига эга. Энг эътиборли жиҳатлардан бири — институтнинг илмий салоҳияти 2022 йилдаги 16 фоиздан 2026 йил октябрь ҳолатига 44,5 фоизга етганидир.
Қисқа даврда қарийб уч баравар ўсишга эришилгани илм-фанга эътибор, илмий изланишларни рағбатлантириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва профессор-ўқитувчилар учун зарур илмий муҳит яратиш борасидаги ишларнинг амалий самарасини кўрсатади.
Зеро, замонавий олий таълим муассасасининг салоҳияти унинг бинолари ёки талабалар сони билангина эмас, аввало, илмий муҳити, тадқиқот натижалари ва жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган интеллектуал маҳсулоти билан белгиланади.
Гулистон давлат педагогика институтида 2023–2026 йилларда 32 та диссертация муваффақиятли ҳимоя қилинди. Жумладан, 2023 йилда 3 та, 2024 йилда 7 та, 2025 йилда 12 та ва 2026 йил октябрь ҳолатига 10 та диссертация ҳимоя қилинди.

Олий таълимдан кейинги таълим қамрови ҳам изчил кенгайиб бормоқда. 2024 йилда 6 та ихтисослик бўйича PhD ва DSc учун мустақил изланувчилик йўлга қўйилган бўлса, 2025–2026 йилларда докторантура ва таянч докторантура йўналишлари 10 та ихтисосликка етказилди.
Давлат бюджети ҳисобидан 2025 йилда 24 нафар, 2026 йилда 21 нафар докторант ва таянч докторант қабул қилинди. 2024–2026 йилларда мустақил изланувчилар сони 102 нафарни ташкил этди.
Илмий изланишлар самараси халқаро майдонда ҳам кўрина бошлади. 2025 йилда Web of Science ва Scopus базаларида 20 та мақола чоп этилган бўлса, 2026 йил октябрь ҳолатига мазкур халқаро базаларда яна 22 та мақола нашр қилинди. Шунингдек, 130 та илмий мақола ва 8 та монография тайёрланди.
Профессор-ўқитувчиларнинг халқаро илмий таъсир кўрсаткичлари ҳам яхшиланмоқда. H-index кўрсаткичи 3 ва ундан юқори бўлган олимлар 25 нафарни, 5 ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлганлар эса 10 нафарни ташкил этмоқда.

Бу натижалар институтда илм-фан таълим жараёнига қўшимча йўналиш сифатида эмас, балки унинг муҳим таркибий қисми сифатида қарор топаётганидан далолат беради. Илмий изланишлар билан ўқув жараёнининг узвий боғланиши талабаларда тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантириш, уларни янгилик яратишга ундаш ва илмий тафаккурини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун дунёда таълим тизими чегара билмайди. Замонавий талаба ўз мутахассислиги бўйича билим билан чекланиб қолмасдан, халқаро стандартлар, илғор методикалар ва жаҳон тажрибасини ҳам ўзлаштириши зарур. Шу маънода, таълим сифатини халқаро мезонлар асосида такомиллаштириш институт фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Шу мақсадда институтда 119 та фан дастури QS ва THE халқаро рейтингларида ТОП-300 талигига кирган олий таълим муассасалари дастурлари асосида такомиллаштирилди.
Профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тажрибасини бойитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 64 нафар педагогнинг халқаро стажировка ва малака ошириши таъминланди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида педагогларнинг замонавий таълим методикаларини ўзлаштириши, хорижий тажрибани ўрганиши ва илғор ёндашувларни маҳаллий ўқув жараёнига татбиқ этиши учун янги имкониятлар пайдо бўлди.

Келгусида 3 та таълим йўналишида халқаро таълим дастурларини жорий этиш, 5 та таълим дастурини янада такомиллаштириш режалаштирилган. Шунингдек, ТОП-300 таликка кирувчи хорижий университетлар дастурлари асосида 5 та таълим йўналиши учун илғор дарсликларни таржима қилиш ва миллий ўқув жараёнига мослаштириш кўзда тутилмоқда.
Маъруза ва мастер-классларга 9 нафар хорижий профессор-ўқитувчини жалб қилиш режаси ҳам институтнинг халқаро алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Замонавий таълимни рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугун билим аудитория билан чекланмайди. У электрон платформалар, рақамли кутубхоналар ва онлайн ресурслар орқали исталган жойда ва исталган вақтда ўзлаштирилиши мумкин.
Институтда таълим жараёни рақамлаштирилиб, 95 та замонавий аудитория ташкил этилди. Ахборот-ресурс маркази фонди 1139 номдаги 9043 та адабиёт билан бойитилди. Мавжуд адабиётларнинг 88 фоизи электрон шаклга ўтказилди.
Келгусида кутубхона фондини хорижий илмий, ўқув-услубий ва электрон адабиётлар билан мунтазам бойитиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг халқаро илмий-таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсад қилинган. Шунингдек, талабалар, мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга масофадан билим олиш имконини бериш мақсадида махсус таълим платформасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу эса таълимнинг янги манзили аудитория билан чекланиб қолмасдан, рақамли маконга ҳам кўчиб бораётганини англатади. Энг муҳими, рақамлаштиришдан кўзланган мақсад технологиянинг ўзи эмас, балки билим олиш имкониятларини кенгайтириш ва таълим сифатини оширишдир.

Олий таълимдаги ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси битирувчининг эртанги тақдири, унинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва жамиятга келтирадиган нафида намоён бўлади.
Шу боис институтда дуал таълим ва иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичи 90 фоизга етказилди.
Келгуси босқичда Сирдарё вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли 200 нафар ходимни дуал таълим асосида олий таълимга жалб этиш режалаштирилган. Бу ташаббус орқали, бир томондан, амалда меҳнат қилаётган ходимларнинг олий маълумот олиши таъминланса, иккинчи томондан, ҳудудда малакали педагог кадрлар салоҳияти янада оширилади. Шу тариқа таълим муассасаси билан меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга эришилади.

Бугун олийгоҳ фақат билим берувчи маскан эмас. У янги ғоялар туғиладиган, инновацион ечимлар синовдан ўтадиган ва илмий ишланмалар амалиётга татбиқ этиладиган муҳитга айланиши лозим. Гулистон давлат педагогика институтида сўнгги йилларда бу йўналишда ҳам муайян ишлар амалга оширилди.«Sirdaryota’limi.uz» электрон таълим ресурсларини яратиш лойиҳаси 547 миллион сўм маблағ билан молиялаштирилди. «MEDAP» стартапи эса 20 минг АҚШ доллари миқдорида қўллаб-қувватланди. Энди вазифалар янада катта. Келгуси бир йилда камида 5 та амалий ва инновацион лойиҳа ҳамда 3 та стартапни тайёрлаш, уларни тижоратлаштириш босқичига олиб чиқиш кўзда тутилмоқда.
«Startap club» орқали 15 та инновацион ғоя ва стартап лойиҳаси сараланиб, уларнинг 5 тасини инкубация ва акселерация босқичига олиб чиқиш, 3 та талабалар стартапини молиялаштириш режалаштирилган.
Демак, бугунги талаба учун ғоя — эртанги стартап, илмий изланиш эса амалиётда қўлланадиган инновацион маҳсулотга айланиши мумкин. Бундай ёндашув талабани фақат тайёр билимни ўзлаштирувчи эмас, балки янги ғоя ва ечимларни таклиф эта оладиган фаол субъект сифатида шакллантиришга хизмат қилади.

Таълим сифатини оширишда замонавий моддий-техник база ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Инвестиция дастури асосида 1000 ўринли янги ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мавжуд таъмирталаб бино реконструкция қилиниб, 550 ўринли ўқув биноси ташкил этилди.
Давлат-хусусий шериклик асосида иккита 400 ўринли талабалар турар жойи барпо этилди. 100 ўринли талабалар устахонаси ҳам фойдаланишга топширилди.
Талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун мини-футбол, гандбол, баскетбол, волейбол, бадминтон майдонлари, югуриш йўлаклари ва воркаут ҳудудини қамраб олган комплекс спорт майдони қурилди.
Инсоннинг жисмоний ҳолатини аниқлашга мўлжалланган диагностика ўқув лабораториясининг ташкил этилгани эса таълим жараёнининг амалий мазмунини янада бойитди.
Яратилган замонавий инфратузилма нафақат таълим олиш учун қулай шароит, балки талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, амалий кўникмаларини ривожлантириш ва ўз иқтидорини намоён этиши учун ҳам муҳим имконият яратмоқда.
Эришилган натижалар институт жамоасини янги вазифалар сари ундамоқда.
Келгуси бир йилда илмий салоҳиятни 44,5 фоиздан камида 50 фоизга етказиш, камида 15 та PhD ва DSc диссертацияси ҳимоясини таъминлаш, Scopus ва Web of Science базаларида индексланган мақолалар сонини 25 тага етказиш режалаштирилган.
Илмий ишланмалар ва хўжалик шартномаларидан тушумни 180 миллион сўмга етказиш, докторантура ва таянч докторантура йўналишларини меҳнат бозори ҳамда ҳудуд эҳтиёжларига мослаштириш, илмий тадқиқотларни «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг устувор вазифалари билан уйғунлаштириш ҳам муҳим мақсадларимиздан ҳисобланади. Таълим йўналишида эса халқаро дастурларни жорий этиш, хорижий дарсликларни миллий ўқув жараёнига мослаштириш, етакчи хорижий профессорларни таълим жараёнига жалб қилиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Институт қошида инглиз, немис, хитой, рус ва турк тилларини ўқитиш марказини ташкил этиш режаси ҳам ёшларнинг халқаро билим ва ахборот майдонига чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Зеро, бугун хорижий тилни билган, рақамли технологияларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган ва ўз касбий маҳоратини доимий равишда ошириб борадиган ёшнинг имкониятлари чегарасиз.
Гулистон давлат педагогика институтининг 2022 йилдан буён босиб ўтган қисқа, аммо мазмунли йўлига назар ташласак, таълим, илм-фан ва инфратузилма йўналишларидаги янгиланишлар кўламини рақамлар орқали ҳам, бугун шаклланган таълим муҳити орқали ҳам яққол кўриш мумкин.
Институтнинг илмий салоҳияти 16 фоиздан 44,5 фоизга етди. Диссертациялар ҳимояси йилдан-йилга ошиб, илмий изланишлар кўлами кенгайди. Профессор-ўқитувчиларнинг халқаро илмий базалардаги фаоллиги кучайди, янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, лабораториялар ва спорт иншоотлари барпо этилди. Таълим дастурлари халқаро мезонлар асосида такомиллаштирилиб, замонавий ўқитиш усуллари ўқув жараёнига тобора кенг кириб келмоқда. Бироқ ислоҳотларнинг ҳақиқий самарасини фақат рақамлар, янги бинолар ёки статистик кўрсаткичлар билан баҳолаб бўлмайди. Энг муҳим ўзгариш — таълимга бўлган ёндашувнинг янгиланганида.

Бугунги талаба фақат билимни тайёр ҳолда қабул қилувчи эмас, балки уни излайдиган, таҳлил қиладиган, амалиётда қўллайдиган ва янги ғояларга айлантирадиган шахс сифатида шаклланмоқда. У илмий тадқиқот олиб бориши, халқаро илмий нашрларда ўз мақолаларини эълон қилиши, стартап ва инновацион лойиҳалар устида ишлаши, хорижий тилларни ўрганиши, рақамли таълим ресурсларидан фойдаланиши ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан келган профессорлар билан тажриба алмашиши учун зарур шароитларга эга бўлмоқда. Бу эса олий таълимдаги ислоҳотларнинг моҳиятини янада теранроқ англаш имконини беради. Гап фақат замонавий аудитория ёки янги лаборатория барпо этишда эмас. Асосий мақсад — ёшларни мустақил фикрлайдиган, изланувчан, рақобатбардош, замон талабларига жавоб берадиган ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган мутахассислар этиб тарбиялаш.
Янги Ўзбекистонда таълим соҳасига йўналтирилаётган ҳар бир сармоя, аввало, инсон капиталига киритилаётган сармоядир. Янги ўқув биноси — билим олиш учун яратилган муҳит, замонавий лаборатория — илмий изланишлар учун имконият, хорижий дарслик — янги тафаккур сари йўл, стартап ва инновацион лойиҳа эса ёшнинг ўз ғоясини амалиётга татбиқ этиши учун берилган имкониятдир.

Гулистон давлат педагогика институтида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам ана шу кенг қамровли ислоҳотларнинг Сирдарёдаги амалий натижаларидан биридир. Зеро, бу даргоҳда бугунги яратилаётган таълим муҳити фақат ҳозирги талабаларнинг эмас, балки улар эртага таълим берадиган минглаб ўқувчиларнинг келажагига ҳам таъсир қилади.
Чунки бугунги аудиторияда ўтирган талаба — эртага мактаб остонасига қадам қўядиган ўқувчининг устози. Унинг билими, дунёқараши, касбий маҳорати ва янгиликка интилиши келажак авлоднинг таълим сифатида ўз аксини топади.

Шу боис таълимдаги бугунги янгиланишларнинг энг катта қиймати — уларнинг эртага берадиган самарасидир. Бугунги қурилаётган бино, ташкил этилаётган лаборатория, ҳимоя қилинаётган диссертация, чоп этилаётган илмий мақола ёки қўллаб-қувватланаётган стартап — барчаси бир мақсадга, яъни билимли, салоҳиятли ва Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Демак, кеча ва бугун ўртасидаги фарқни фақат рақамларда эмас, инсондаги ўзгаришда кўриш мумкин. Таълимдаги ҳар бир янгиланиш, аввало, ёшнинг тафаккури, салоҳияти ва келажакка бўлган ишончини ўзгартиради. Ана шу жиҳатдан қараганда, бугун таълимга киритилаётган сармоя — эртанги тараққиётнинг энг ишончли пойдеворидир.
Жаҳонгир Қаршибоев,
Гулистон давлат педагогика институти ректори
ЎзА