Ўзбекистонда халқаро фармацевтика кўргазмалари ташкил этилади
Миллий тиббиёт марказида “Пушти октябрь” — кўкрак бези саратонига қарши курашиш ойлиги доирасида аёллар учун ташкил этилган хайрия акцияси юқори савияда ўтди. Акция давомида юздан ортиқ хотин-қизлар малакали гинеколог ва маммологлар томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур мутахассис маслаҳатлари берилди.
***
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни соат 03:30 ларда Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида тез тиббий ёрдам машинасида чақалоқ дунёга келди. Навбатчи шифокор Хонсулув Масрурова ҳамда фельдшер Салима Мавлонова қизчанинг дунёга келишига яқиндан кўмаклашди.
Айни пайтда она ва чақалоқнинг саломатлиги яхши, малакали шифокорлар назорати остида.
***
Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтининг «Synapse» жамоаси нуфузли III халқаро «Келажак тиббиёти – 2026» олимпиадасида муваффақиятли қатнашиб, 25 давлатдан келган 102 та жамоа орасида фахрли 8-ўринни қўлга киритди. Марказий Осиё университети мезбонлик қилган мазкур нуфузли мусобақада Буюк Британия, Италия, Швейцария, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа қатор давлатларнинг бўлажак шифокорлари ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.
***
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида 2026 йилнинг учинчи чораги якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Қўмита раиси Баҳодир Юсупалиев очиб берди.
Ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги, аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш чоралари ҳақида маълумот берилди. Камчиликларга йўл қўйган ташкилотлар огоҳлантирилди. ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси ва даволаш-профилактика муассасаларида шифохона ичи инфекцияларининг олдини олиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мавжуд муаммолар ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори бошчилигидаги Агентлик ҳамда “Pharm Service” давлат муассасаси вакиллари халқаро фармацевтика кўргазмаларининг етакчи ташкилотчиларидан бири — Informa Markets (CPHI) компанияси директори Орхан Чаглаян (Orhan Caglayan) билан ҳамкорлик ва стратегик шериклик истиқболлари юзасидан онлайн музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, стратегик шерикликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонда халқаро миқёсдаги фармацевтика кўргазмалари ва соҳавий тадбирларни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университети Илмий кенгашининг 3-сон йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш аввалида илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли ёш олимлар фаолияти эътироф этилиб, бир қатор ходимларга профессор, доцент, фан доктори ҳамда фалсафа фанлари доктори илмий унвонлари топширилди.
Шундан сўнг кун тартибидаги муҳим масалалар кўриб чиқилиб, Тиббий-педагогика ва даволаш ҳамда Тиббий профилактика ва жамоат саломатлиги факультетлари деканларининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, қабул ҳайъатининг 2026–2027 ўқув йили қабули якунлари бўйича ахбороти эшитилди ва профессор-ўқитувчиларни танлов асосида лавозимларга сайлаш масалалари муҳокама қилинди.
***
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ташкил этилган «United Medical Expo-2026» халқаро тиббиёт кўргазмасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази – Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт маркази вакиллари фаол қатнашди.
Дунёнинг 15 давлатидан 100 дан ортиқ етакчи компаниялар, клиникалар ва соҳа экспертларини бир майдонда жамлаган мазкур кўргазма тиббиёт техникаси, шифохона ускуналари, фармацевтика, рақамли тиббиёт ва тиббий туризм йўналишларидаги сўнгги янгиликларни намойиш этди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА