Келажак эгалари билан очиқ мулоқот
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятидаги “Эко шаҳар” ҳудудида жойлашган Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумда Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда мамлакатимизда касбий таълим тизимини янада такомиллаштириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш, ёшларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, ўғил-қизларга хорижий тилларни ўрганиш, ахборот технологияларини ўзлаштириш, стартап ва инновацион лойиҳаларда иштирок этиш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
[gallery-29855]
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, таълим жараёнини такомиллаштириш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлашга доир таклифларини билдирди.
Азимжон Ҳусанов ўқувчилар томонидан илгари сурилган ташаббуслар, хусусан, техникумда фаолият юритаётган спорт ва IT тўгараклари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Таъкидланганидек, бундай учрашувлар ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда касбий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА