Интенсив боғлар баракаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида етиштирилаётган шафтоли ҳосили юқори сифати, хуштаъмлиги ва бозоргирлиги билан ажралиб туриб, нафақат ички бозор, балки ташқи бозорларда ҳам харидоргир маҳсулотга айланмоқда.
Бугунги кунда тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилаётган сара шафтоли ҳосили хорижий давлатларга экспорт қилиниб, маҳаллий боғдорчилик соҳасининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда интенсив боғларни барпо этиш, серҳосил навларни экиш ва илғор агротехнологияларни жорий этиш натижасида ҳосилдорлик ҳамда маҳсулот сифати сезиларли даражада ошди. Бу эса экспорт ҳажмини кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.
[gallery-29856]
— Туркия ва Италия тажрибаси асосида интенсив боғлар ташкил этдик, - дейди “Тўрғунбой Жўрабой Мунаввар” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Ҳусанбой Усмонов. — Замонавий технологиялар ва юқори ҳосилдор навлар ҳисобига етиштирилаётган маҳсулотларимиз халқаро стандартлар талабларига жавоб бермоқда. Шунингдек, Чортоқ шафтолиси хорижлик истеъмолчилар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудда боғдорчиликни ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ва экспорт қилиш занжирини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА