Келаси йили Бердақ таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Келаси йили қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудига 200 йил тўлади.
Президентимиз шоирнинг «Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун, ўзим дема ғамхўрлик қил халқ учун» деган ҳикматли сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади.
Улуғ зиёлиларнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш, рақамлаштириш, асраб-авайлаш ва халқимизга, айниқса, ёшларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Келгуси йили Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини мамлакатимизда муносиб нишонлаш таклифи билдирилди.
Мутасаддиларга бир ойда кенг қамровли дастур ишлаб чиқиб, уни амалга оширишни бошлаш топширилди.
Йиғилиш якунида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди, Қорақалпоғистон фаоллари билан мулоқот қилинди.
ЎзА