Кексаларни профессорлар тиббий кўрикдан ўтказмоқда
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида нафақадаги, кам таъминланган, ёлғиз қариялар, 100 ёшдан ошган, урушда қатнашган ҳамда фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини янада ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштириш сингари вазифалар белгиланган. Шу асосида бугун республикамиздаги барча тиббиёт муассасаларида 55 ёшдан ошган пенсионерлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, юқумли касалликларга қарши эмланмоқда.
Бу эзгу ишдан Самарқанд давлат тиббиёт институти жамоаси ҳам четда қолгани йўқ. Институт ректори, профессор Ж.Ризаев ташаббуси билан профессор-ўқитувчилардан иборат махсус тиббий гуруҳлар шакллантирилиб, вилоятимизнинг Нуробод, Ургут, Иштихон, Оқдарё, Қўшработ ва Жомбой туманлари, шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи кексалар учун сайёр тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.
Ушбу жараёнда ўз вақтида саломатлигига етарлича эътибор қаратмай касалликнинг сурункали тус олишига сабабчи бўлганлар ҳам аниқланмоқда. Жумладан, кафедрамиз ўқитувчиларидан иборат гуруҳ томонидан тиббий курикдан ўтказилган фуқароларнинг 15 фоизида ёшга хос гормонал ўзгаришлар сабабли келиб чиққан урологик касалликлар кузатилди. Кексаларда бу асосан простата безининг аденомаси (ҳозир у “простата безининг хавфсиз гиперплазияси” дея юритилади), простата бези раки, қовуқ тошлари ҳисобланади.

Оғир хасталик аниқланган беморлар, зарурат бўлганда санитар авиация хизмати орқали Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига олиб келиниб, зарур муолажалар қилинмоқда. Шунингдек, жойларда аҳолига клиник белгиларсиз кечувчи, наслдан наслга ўтувчи урологик касалликлар, бепуштликка олиб келувчи хасталиклардан ҳимояланиш омиллари ҳақида маълумот берилмоқда.
Умуман, кейинги йилларда кафедрамиз томонидан ўтказилган сайёр тиббий кўрикларда 7 мингдан зиёд фуқаро динамик кузатувга олиниб, консерватив усулда муолажа қилинган бўлса, 2658 нафари каминвазив усуллар билан, яна 500 нафардан ортиғи анъанавий шаклда даволанди.
2015-2021 йиллар оралиғида кафедра шифокорлари томонидан 1500 нафардан ортиқ бемор операция қилинди. Шунингдек, 200 нафардан ортиқ беморда сурункали буйрак етишмовчилигининг аломатлари аниқланиб, даволаш чоралари кўрилган.
Муҳими, бу каби тадбирлар ҳисобот учун ўтказилмаяпти, балки инсон танасида яширин кечувчи кўплаб касалликларни барвақт аниқлаб, даволаш имконини бермоқда.
Зебунисо ШОДМОНОВА,
Самарқанд давлат тиббиёт институти
урология кафедраси мудири,
тиббиёт фанлари номзоди, доцент.
ЎзА.