“Кексаларга меҳр” акцияси – инсон қадрини улуғловчи эзгу ташаббус
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Кексаларга меҳр” акцияси мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган муҳим ижтимоий лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Мазкур акция доирасида ЎзЛиДеП Кармана туман Кенгаши ташаббуси билан партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда Навоий давлат университетида таҳсил олувчи бир гуруҳ ёш волонтёрлар туманнинг Талқоқ маҳалласида истиқомат қилувчи ёлғиз онахон Мавлуда Туробова хонадонида бўлди.
Акция иштирокчилари онахон ҳолидан хабар олиб, унинг турмуш шароити билан яқиндан танишди. Онахонга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилиб, кундалик эҳтиёжлари ҳақида суҳбатлашилди. Шунингдек, волонтёрлар томонидан хонадондаги уй-рўзғор ишларига кўмаклашилиб, ҳовли ва хонадонни тартибга келтириш ишлари амалга оширилди. Эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда таъмирлаш ишлари бажарилиб, яшаш шароитини янада яхшилашга ҳисса қўшилди.

– Акциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири кексаларга нафақат моддий, балки маънавий кўмак кўрсатишдир, – дейди партиянинг Кармана туман Кенгаши раиси Юсуф Муродов. – Зеро, ёши улуғ инсонлар учун уларнинг ҳолидан хабар олиш, суҳбат қуриш, меҳр ва эътибор кўрсатиш катта аҳамиятга эга. Ташриф давомида партия фаоллари ва ёшлар онахон билан самимий мулоқот қилиб, унинг ҳаётий тажрибасидан баҳраманд бўлди. Ёшларнинг бундай хайрли тадбирларда фаол иштирок этиши уларда катталарга ҳурмат, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик каби юксак фазилатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзЛиДеП томонидан мазкур акция доирасида кекса инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш каби эзгу ишлар давом эттирилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири