Кексалар учун тиббий кўрик
Бухоро шаҳар 4 - оилавий поликлиникаси тиббиёт ходимлари “Кексалар ҳафталиги” доирасида “М.Наршахий”, “А.Навоий”, “Ғ.Ғулом”, “С.Шерозий”, “С.Рахимов”, “Дилкушо” ва “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинларида тиббий кўрик ўтказди.
Ходимлар ҳудудда 5 минг 324 хонадонда яшовчи жами 27 минг 324 нафар аҳолига бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатиб келмоқда.
–“Кексалар ҳафталиги” доирасида 602 нафар 60 ёшдан ошган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди Бухоро шаҳар 4-оилавий поликлиникаси бош шифокори Хушнуд Жалилов. – Уларда 978 та касаллик аниқланди. Тиббий кўрик натижасида кексаларнинг 590 нафарига амбулатор ва 12 нафарига стационар шароитда даволанишлари тавсия этилди. Кексаларнинг 10 нафари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ва 2 нафари вилоят кардиология диспансерида бепул даволанишлари учун имтиёзли ордер асосида ётқизилди. Ётоқ ҳолатидаги 6 нафар фуқарога уйига бориб тиббий кўрик ташкил этилди. Уларнинг ҳар бирининг уй шароитида даволанишлари бўйича соғломлаштириш режаси тузилди. Даволаш-соғломлаштириш тадбирлари бошлаб юборилди.
Тиббий кўрик жараёнида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бухоро ҳудудий филиали томонидан “Инсон тафтини инсон олади” шиори остида жами 45 та оиланинг 78 нафар кексаларига 5 турдаги умумий қиймати 12 миллион сўмлик дори воситалари тўплами бепул тарқатилди. 56 нафар кексалар ёшга оид кўзойнаклар билан таъминланди.
Тадбир давомида тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хусусан жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш юзасидан давра суҳбатлари ўтказилди ҳамда соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича кўргазма ташкил қилинди. Кексаларга тўғри овқатланиш учун зарур тавсиялар берилди.
Мазкур тадбир пандемия даврида ўтказилаётганлиги инобатга олинган ҳолда ҳар бир фуқаро белгиланган тартибда термометриядан ўтказилиб, дезинфекция тадбирлари амалга оширилди ҳамда бўйи ва вазни белгиланган тартибда ўлчаниб, тегишли тавсиялар берилди.



Зариф Комилов, ЎзА