Кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллиги оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги "Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан “Нуроний” жамғармаси республика бошқарувининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, сенатор Содиқжон Турдиев мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар йилдан йилга янги поғонага кўтарилаётгани, бу эса ўз навбатида нуронийларга куч-қувват, ғайрат-шижоат бераётганини эътироф этди.
Юртбошимизнинг мазкур қарори мазмун-моҳияти ҳамда белгиланган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни эртанги куннинг муносиб ворислари этиб тарбиялашда нуронийларнинг зиммасидаги масъулият янада ортганини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда “Нуроний” жамғармаси ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари фаолияти, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши”, "Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Бувижонлар мактаби” жамоат тузилмалари фаолияти, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, нуронийларнинг маҳалла ва оилалардан ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари танқидий таҳлил қилинди.
Ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида, билимли, салоҳиятли, касб-ҳунарли қилиб тарбиялаш, жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, кексаларнинг турмуш шароитини яхшилаш, саломатлигини тиклаш, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг мазмунли ҳаёт кечириши, маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Мазкур қарорда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, “Уч авлод учрашуви”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас”, “Қўша қариш саодати” маърифий тадбирларини, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Нуроний — ҳар бир оилага масъул”, “Яшил макон”, ёш авлод тарбиясида “Иккита тил ва бир касб” каби ижтимоий лойиҳаларни давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла, мактабгача ва мактаб таълими тизими муассасалари билан ҳамкорликда мазмунли ва самарали амалга ошириш бўйича янги режалар, вазифалар белгилаб олинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА