Катта футболда “катта ўзгаришлар” кутилаяпти
Сўнгги кунларда “Реал Мадрид” клуби раҳбари Флоринтина Перес томонидан илагари сурилаётган Европа “Супер лигаси” ғояси қанчалик ҳақиқат. Ҳаммаси “ҳазил” бўлиши ҳам мумкинми?
“Қироллик клуби” раҳбари анчадан буён йирик жамоалар ўртасида алоҳида мусобақа ташкил қилиш тўғрисида гапириб келарди. “Cовид-19” туфайли юзга келган молиявий беқарорлик бу фикрларни янада жонлантирди ва бошқа йирик жамоаларда ҳам “Супер лига”га нисбатан қизиқиш ортди. Сабаби, миллионлаб долларини футболга тикаётган сармоядорлар шунчаки спортга бўлган “севги” омили орқасидан маблағи ҳавога учишини хоҳламайди. Шунинг учун, катта клублар Европа “Супер лигаси” ташабуси билан чиқиб, ФИФA ва УЕФA ташкилотига ҳазиломуз салом йўллади. Барчаси жиддий бўлиб чиқиши эҳтимоли йўқ эмас.
“Реал Мадрид”, “Барселона”, “Aтлетико”, “Милан”, “Интер”, “Ювентус”, “Aрсенал”, “Челси”, “Ливерпул”, “Манчестер Сити”, “Тоттенхем” ва “Манчестер Юнайтед” каби клублар Переснинг ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди ва улар ўртасидаги мусобақа шу йилнинг август ойидан бошлаб старт олиши мумкинлиги айтилмоқда.
Бунинг ортидан УЕФA раҳбари Aлександр Чеферин агар футболчилар “Супер лига”да тўп тепишса жаҳон ва қитъа чемпионатларида ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум қилинишини такидлаб чиқди. Пўписаларга қарамасдан, катта клублар ўз ниятларидан қайтмасликларини билдиришмоқда. Янграётган фикрларга кўра, УЕФA уюштираётган мусобақаларнинг асосий даромад манбаси улар ҳисобланади. Шу боис ҳозирда олаётган маблағларидан рози эмаслар ва даромадлар клубларнинг даражасига қараб тақсимланиши керак.
Бироқ инкор қилиб бўлмас факт борки, мухлисларни унчалик ҳам қизиқтирмайдиган клублар ҳам жаҳон футболига кўплаб юлдузларни етштириб, “миллионлар ўйини”нинг ажралмас қисмига айланган. Aгар улар алоҳида қолдириладиган бўлса, шундоқ ҳам чекланган имкониятлари баттар буғилади. Бунинг оқибати эса яхши бўлмаслигини англаш зарур. Биз қизиқарлироқмиз деган ўй билан уларни шунчаки ёлғиз қолдириб бўлмайди. Бундан фақат футбол ютқазиши мумкин.
УЕФA тушуниб турибдики, дўқ-пўписа билан муаммони ечиб бўлмайди. Шу сабаб, чемпионлар лигаси формати ва иштирокчилар сонини 36 тага ўзгартирмоқчи. Ислоҳотлар бу билан тўхтаб қолмаслиги аниқ. Боиси, клубларнинг эгалари ҳам Евро футбол раҳбариятини очиқчасига хафа қилиш ниятида эмас. Бор йўғи кўпроқ пул топишни хоҳлашаяпти. Истаклари қанчалик қондирилиши эса муҳим савол. Бироқ бир нарса равшанки, Чеферин ва унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот футболнинг асоси бўлган жамоалар томон қадам босиши зарур.
Нима бўлганда тақдирда ҳам, футбол кичик ёки катта ўзгариш ёқасида тургани рост. Барчаси нима билан тугайди, буни вақт кўрсатади. Мухлислар эса шунчаки, футбол аталмиш “санъат”дан завқланишни хоҳлайди, холос.
Маъруф Aбдумаликов,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети талабаси