Касблар кўргазмаси бўлиб ўтди
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 23 минг нафардан ортиқ ёшлар олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Жорий йилда уларнинг 4918 нафари олийгоҳларни битириши кутилмоқда. Ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, уларни танлаган касби бўйича меҳнат бозорига йўналтириш ва тадбиркорликка жалб этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган.
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Савдо-саноат палатаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “TalabaExpo–2026” касб кўргазмаси ташкил этилди. “Келажакка қадам” дастури доирасида ўтказилган мазкур тадбир битирувчи талабаларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Кўргазмада вилоятдаги олий таълим муассасаларининг қарийб 4 минг нафар битирувчи талабалари иштирок этишди. 100 дан ортиқ корхона ва ташкилот томонидан 800 дан зиёд бўш иш ўринлари таклиф қилинди. Шунингдек, талабалар учун стажировка имкониятлари, тадбиркорлик йўналишлари ва имтиёзли молиявий дастурлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан мутасаддилар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ва меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида шакллантиришда бундай лойиҳалар муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
– Бугун меҳнат бозори тез ўзгармоқда. Замонавий иқтисодиёт нафақат билимли, балки ташаббускор, инновацион фикрлайдиган ва ўз ғоясини амалга ошира оладиган ёш кадрларга эҳтиёж сезмоқда. “TalabaExpo–2026” ана шундай иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш берувчилар билан бевосита боғлаш ва стартап ташаббусларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Энг муҳими, бугун ёшларимизда “мен иш қидирувчи эмас, иш яратувчи бўламан” деган қараш шаклланаётгани қувонарли, – деди “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Хошимов.
[gallery-29581]
Унинг таъкидлашича, банк томонидан ёшларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредит ва молиявий хизматлар кўрсатиш, стартапларни молиялаштириш бўйича қатор амалий механизмлар йўлга қўйилган. Айниқса, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва талабаларни тадбиркорликка жалб этиш борасида олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Кўргазмада нафақат иш ўринлари, балки талабалар ва ёш олимларнинг инновацион ишланмалари ҳам намойиш этилди. Гулистон давлат университети олимлари, тадқиқотчилари ва изланувчи талабалари томонидан тайёрланган қатор стартап ва инновацион лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– “TalabaExpo–2026” нафақат битирувчилар учун иш топиш майдони, балки инновацион ғояларни амалга ошириш имкониятини яратувчи муҳим платформа бўлди. Университетимиз талабалари ва ёш тадқиқотчилари ўз ишланмалари билан қатнашиб, қатор корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишди. Энг муҳими, ёшларнинг стартап ғояларини имтиёзли кредитлар асосида қўллаб-қувватлаш имконияти яратилгани улар учун катта мотивация бўлмоқда, – дейди Гулистон давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали профессор-ўқитувчилари ва битирувчи талабалари ҳам кўргазмада 35 дан ортиқ инновацион лойиҳа билан иштирок этди. Улар орасида ёнғин содир бўлганда автоматик равишда эгасига SMS хабар юборадиган тизим, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ва қадоқлаш технологиялари, шоли қобиғидан кремний оксиди олиш ҳамда уни чинни ва керамика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўллашга оид ишланмалар алоҳида эътиборга сазавор бўлди.
Шунингдек, қурилиш технологиялари йўналишида таҳсил олаётган талабалар томонидан енгил, иссиқ ва совуққа чидамли пеноблок маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.
– Бугунги кунда филиалда 4 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Жорий йилда 635 нафар талаба битирувчи ҳисобланади. Уларнинг аксарияти дуал таълим тизими асосида амалиёт ўтаб, корхоналар билан бевосита ишлаш тажрибасини орттирмоқда. Айрим талабаларимиз ўқишни тугатмасдан туриб ишга жойлашмоқда. Бу эса таълим ва амалиёт интеграциясининг самараси, – дейди кимёвий технологиялар кафедраси катта ўқитувчиси, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Маҳкамов.
Кўргазмада иштирок этган талабалар ҳам тадбир улар учун муҳим имконият эшигини очганини таъкидлашди.
– Мен Гулистон давлат университетининг битирувчисиман. Ўз қизиқишим ва мутахассислигим бўйича иш излаётган эдим. “TalabaExpo–2026” нафақат мен, балки кўплаб талаба ёшлар учун жуда фойдали бўлди. Бу ерда биз бизнес ва тадбиркорлик ҳақида янги билимларга эга бўлдик. Энг муҳими, ғояларимиз қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилдик ва ўзимизга муносиб иш ўринларини топдик, – дейди талаба Гулноза Қозоқбоева.
Тадбир давомида 27 нафар талабанинг бизнес лойиҳалари кўриб чиқилиб, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, ёшлар учун “soft skills”, шахсий бренд яратиш ва касбий ривожланишга бағишланган семинар-тренинглар ҳам ташкил этилди.
Вилоятнинг етакчи тадбиркорлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотларда ёшларга бизнес юритиш, инновацион ғояларни бозорга олиб чиқиш ва замонавий меҳнат бозори талаблари ҳақида амалий маслаҳатлар берилди.
Маълум қилинишича, тадбир доирасида 1736 нафардан ортиқ талаба билан суҳбат ўтказилиб, қарийб 500 нафар битирувчи учун иш ўринлари аниқлаштирилди.
Ташкилотчилар таъкидлашича, “TalabaExpo–2026” битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий йўналишини белгилаш ҳамда меҳнат бозорига самарали интеграциясини таъминлашда муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА