Глобал гендер тафовути индексида Ўзбекистон кўрсаткичлари яхшиланади
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Жаҳон иқтисодий форумининг “Глобал гендер тафовути - 2026” индексида Ўзбекистон натижалари, уларга таъсир этаётган омиллар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Мажлисда нафақат мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини яхшилаш, балки хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш, раҳбарлик лавозимларидаги иштирокини ошириш ва саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатилди. Бу борада, айниқса, кичик ёшдаги фарзанди бор аёлларнинг ишга қайтиши учун қулай шароит яратиш, парвариш хизматларини кенгайтириш ва бандликка тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.
Аёллар ва эркаклар ўртасидаги иш ҳақи тафовутини корхона ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда хотин-қизларни раҳбарлик, профессионал ва техник лавозимларга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари ва юқори технологияли соҳалардаги иштирокини ошириш, аёллар саломатлигига оид кўрсаткичларни ҳудудлар ва ижтимоий гуруҳлар кесимида чуқур ўрганиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Сенаторлар, масъул вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари, маҳаллий кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари иштирок этган тадбирда Индекс халқаро ташкилотлар маълумотлари асосида шакллантирилишини инобатга олиб, миллий кўрсаткичларни тегишли базаларга ишончли, тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этиш, бу жараёнда масъул вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА