Касбий имтиҳонлар истеъдодли ёшларни саралаб беради
Шу кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилда Навоий давлат педагогика институтида касбий имтиҳонлар бўладиган 13 та таълим йўналишига 1242 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.


– Институтимизда касбий имтиҳонлар бўлиб ўтадиган хоналар, спорт заллари ва моддий техник базалар тайёр ҳолатга келтирилган, – дейди институт ректори, қабул комиссияси раиси Муҳиддин Калонов. – Имтиҳонларни юқори савияда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида малакали, ўз йўналиши бўйича тажрибага эга мутахассислар жалб этилган. Институтда мусиқа таълими, вокал санъати, чолғу ижрочилиги, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, ранг тасвир, дизайн, махсус педагогика (сурдотаржимонлик), енгил атлетика, кураш, дзюдо, волейбол, баскетбол, гандбол, футбол таълим йўналишида ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтади.


Имтиҳонларнинг ўтишида холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир имтиҳон ўтказиш жойи кузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланган. Шунингдек, касбий имтиҳонларнинг бориши институтнинг nspi.uz веб-сайти ва телеграмм ижтимоий тармоғига жойлаштирилиб борилмоқда. Ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари видео кузатув орқали хоналарда жойлаштирилган телевизорларда кузатиб бормоқда.



Ҳар бир хонада бўлиб ўтаётган имтиҳон жараёни видеокамералар орқали ёзиб олинмоқда ва зарурат туғилганида исталган пайтда уни қайта кўриш имкони мавжуд.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири