Касби журналист, лақаби «рус»
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Ҳар бир байрам арафасида устозлардан хабар олиш, уларни қутлаш шогирдлар учун муҳим. Қорақалпоқ журналистикасида устозлар ҳақида сўз юритилганда таниқли ижодкор, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Елмурат Байназаров дастлабкилардан бўлиб тилга олинади.
Умрининг деярли 40 йилдан зиёдини ушбу соҳага бағишлаган Елмурат Байназаров ўзининг меҳнат фаолиятини 1972 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича тугатгандан сўнг ҳозирги «Қарақалпақстан жаслары» газетасида адабий ходим бўлиб ишлашдан бошлади. Сўнгра ушбу газетанинг ўз мухбири, бўлим мудири, «Еркин Қорақалпақстан» газетасида катта мухбир, бўлим мудири, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлади. Шу йиллар мобайнида ўзининг долзарб мавзудаги оператив ва публицистик мақолалари билан эътиборга сазовор бўлди.
1986-1988 йилларда Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ)нинг Қорақалпоғистон бўлими мудири ва бош муҳаррири, 1988-1990 йилларда эса «Еркин Қорақалпақстан» газетасининг бош муҳаррири лавозимларида фаолият юритди. Муҳаррир сифатида газетанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ададини ошириш, сифатини яхшилаш борасида астойдил меҳнат қилди.
Елмурат оға 1990-1991 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитаси идеология бўлими мудири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ишлар бошқармасининг миллатлараро муносабатлар бўлими мудири лавозимларида самарали меҳнат қилди.
Сўнг у Қорақалпоғистон Республикасида рус тилида чиқадиган «Вести Каракалпакстана» газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди. Бу ерда унинг ташкилотчилик маҳорати, меҳнатсеварлиги, юксак ижодий салоҳияти яққол намоён бўлди. Қарийб ўн бир йил мобайнида у нафақат газетанинг обрў-эътиборини юксалтиришга, балки умуман оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини такомиллаштиришга, миллий журналистика соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга ҳам катта ҳисса қўшди. Шунинг учун, ҳамкасблари, яқин ўртоқлари унга «Рус» деб ҳазиллашади.
[gallery-2794]
2002 йилдан то 2015 йилгача Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори лавозимида фаолият кўрсатди. Иш жараёнига янги ахборот технологияларини кенг жорий этиш, журналистлар ва таржимонларнинг ижодий ишларини ташкил этишга аҳамият берди. Натижада агентлик томонидан тайёрланадиган ҳар қандай ахборот ва таржима материалларига талаб тобора ортиб борди. Шу боис, агентликнинг Қорақалпоғистон Республикасида оммавий ахборот воситалари орасида муносиб ўрни бор.
Соҳадаги узоқ йиллар фидокорона меҳнати учун 1999 йилда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони билан тақдирланди.
– Устознинг яна бир ибратли томони ёш мутахассисларга бўлган эътиборидир, – дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Аминбой Ортиқбоев. – Бугунги кунда Қорақалпоғистон ахборот агентлигини кадрлар устахонаси десак ҳеч муболаға бўлмайди. Чунки, бу ерда етишиб чиққан кадрлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, Вазирлар Кенгашида, турли вазирлик ва идораларда, ҳокимликларда самарали фаолият олиб бормоқда. Бунда Елмурат Байназаровнинг ҳам меҳнати беқиёсдир.
Е.Байназаров тажрибали журналист, моҳир таржимон бўлиш билан бирга яхши ижодкор ҳамдир. Ишдан бўш вақтларида публицистик асарлар, шеърлар ёзиб туради. Унинг шеърлари Қорақалпоғистон Республикаси газета ва журналларида чоп этилмоқда. Хусусан, 2008 йилда «Билим» нашриётида «Касбим журналист, лақабим рус», 2019 йили «Қорақалпоғистон» нашриётида «Одамийлик ўлчами» асарлари нашр этилди. – Қандай касб эгаси бўлмасин, ўзига юклатилган вазифани бекаму-кўст бажаришга ҳаракат қилиш керак, – дейди Елмурат оға. – Чунки доно халқимизда «Бугунги ишни эртага қўйма», деган гап бор. Умрим давомида мана шунга амал қилган ҳолда ишни вақтида, сифатли бажаришга ҳаракат қилдим. Таниқли рус ёзувчиси Н.Островский қайд айтганидек, ҳаёт инсонга бир маротаба берилади ва уни маъносиз ўтказган кунлардан пушаймон бўлмаслик лозим. Бугун мамлакатимизда барча соҳалар каби журналистика ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Бугунги ёшларга ҳавасинг келади. Шундай бўлса ҳам уларга бир тилагим бор. Ҳамма вақт китоб яқин дўстингиз бўлсин, ундан қўл узманг. Замонга мос билим олишда, маънавий дунёни бойитишда китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Елмурат Байназаровнинг «Устозга мурожаат» деб номланган шеърида шундай мисралар бор:
«Еркин Қорақалпоғистон» элга танитди,
«Вести Каракалпакстана» қийнади қаттиқ.
Шунда ҳам ўн бир йил кўтардим шонин,
«Рус редактор» деган номнинг.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА