Касб маҳорати бўйича энг кучлилар аниқланди
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан “Хавфсизлик техникаси кўрик ойлиги” доирасида ташкил этилган анъанавий “Касб маҳорати” мусобақасининг вилоят босқичи муваффақиятли якунланди.
Мусобақа Мирзаобод туман электр таъминоти ҳудудидаги махсус ўқув полигонида ўтказилди. Унда Сирдарё вилоятининг 8 та тумани ва 3 та шаҳар электр таъминоти корхоналаридан шакллантирилган жамоалар иштирок этиб, ўзларининг назарий билимлари, амалий кўникмалари ҳамда касбий маҳоратларини намойиш этишди.
Энергетика соҳасида инсон ҳаёти ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги устувор аҳамиятга эга. Шу боис мазкур мусобақа ходимларнинг авариявий ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш, хавфсизлик техникаси талабларига қатъий риоя этиш, замонавий иш усулларини пухта ўзлаштириш ҳамда жамоавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Беллашувлар электр тармоқларида кундалик меҳнат фаолиятида учраши мумкин бўлган реал ишлаб чиқариш вазиятлари асосида ташкил этилди. Иштирокчилар 10 кВ электр узатиш тармоғида электр токи таъсирига тушган электромонтёрни хавфсиз қутқариш ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, 10 кВ электр узатиш тармоғи билан кесишган оралиқда 0,4 кВ электр узатиш тармоғидаги узилган симни монтаж қилиш, GKTP-10/0,4 кВ трансформатор пунктида юзага келган шартли ёнғинни бартараф этиш ҳамда юк кўтариш механизми ёрдамида 10 кВ ҳаво электр узатиш тармоғидаги таянчга ўрнатилган ажратгични таъмирлаш каби амалий шартлар бўйича ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказдилар.
[gallery-30349]
Ҳар бир босқичда жамоаларнинг касбий тайёргарлиги, ишларни бажариш кетма-кетлиги, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиши, вазифаларни белгиланган вақтда сифатли бажариши, шунингдек, жамоавий ҳамжиҳатлиги ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида холис баҳоланди.
Кескин рақобат ва қизғин баҳсларга бой ўтган мусобақа якунига кўра, 1-ўринни Сардоба туман электр таъминоти жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин Боёвут туман электр таъминоти жамоасига, 3-ўрин эса Мирзаобод туман электр таъминоти жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Хусусан, биринчи, иккинчи, учинчи ўрин соҳиби бўлган ҳамда яхши иштирок этган жамоага махсус совғалар билан бир қаторда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Бошқаруви раиси томонидан тақдим этилган Chevrolet Onix хизмат автомашиналари тантанали равишда топширилди.
— Таъкидлаш жоизки, республика бўйлаб, хусусан Сирдарё вилоятида ўтказилаётган “Касб маҳорати” мусобақаси нафақат энг яхши жамоаларни аниқлаш, балки ишлаб чиқаришда хавфсиз меҳнат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим амалий майдон ҳисобланади. Бу каби кўрик-танловлар ходимларнинг касбий маҳорати ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириш, меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этиш маданиятини юксалтириш, фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бундай мусобақалар соҳа ходимлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда электр тармоқларида хавфсиз ва самарали меҳнат фаолиятини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади, — деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Бош муҳандиси Дилшод Абдуқодиров.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат-видео) ЎзА