Касалликка қарши ҳамкорлик
Коронавирусга қарши курашишда шифокорларимизга ёрдам бериш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш мақсадида бир гуруҳ россиялик шифокорлар Андижонга ташриф буюрди.
Коронавирусга қарши курашишда шифокорларимизга ёрдам бериш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш мақсадида бир гуруҳ россиялик шифокорлар Андижонга ташриф буюрди.
Бугун коронавирус инфекцияси юқиши, тарқалишининг олдини олиш ҳамда самарали даволашда бутун дунё шифокорлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу борада айниқса, Хитой, Россия, Жанубий Корея каби давлатлар мутахассис ва шифокорларининг тажрибалари муҳим аҳамият касб этади.


Мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Россия Федерациясининг нуфузли шифохоналарида фаолият олиб бораётган, таркибида эпидемиолог, пульмонолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист, рентгенолог, терапевт, жарроҳ, диагностика мутахассислари ҳамда анестезист ҳамширалар бўлган шифокорлар мамлакатимизга келган. Улардан бир гуруҳи Андижонда бўлиб COVID-19 хасталигига чалинган беморларни даволаш ишларида тиббиёт ходимларимиз билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов россиялик шифокорлар билан мулоқот ўтказди. Уларга хасталикни бартараф этиш, даволашда кўрсатаётган ёрдами ва ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди.


– Андижонда касалликни даволашда ижобий натижаларга эришилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Москва шаҳар 4-сонли клиник касалхона анестезиолог-реанимотолог шифокори Артур Акчурин. – Мақсадимиз бу борада ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорлик қилиш, Россияда шаклланган илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш, бир сўз билан айтганда, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва даволашда биргаликда ижобий натижаларга эришишдир.
Россиялик шифокорлар маълум муддат вилоятдаги тиббий муассасаларда коронавирусга қарши курашиш ва уни даволашда андижонлик шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.