«Синовларни ҳамжиҳатлик ва хотиржамлик билан енгиб ўтган халқмиз» — Депутат коронавирусга қарши қандай курашиш кераклиги ҳақида
Коронавирус инфекциясининг мамлакатимизга кириб келиши – халқимиз бошига тушган синов. ЖССТ дунёдаги ҳозирги ҳолатни пандемия дея эълон қилди. Бундай вазиятда саросимага, ваҳимага берилиш ярамайди.
Коронавирус инфекциясининг мамлакатимизга кириб келиши – халқимиз бошига тушган синов. ЖССТ дунёдаги ҳозирги ҳолатни пандемия дея эълон қилди. Бундай вазиятда саросимага, ваҳимага берилиш ярамайди.
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир” деб ёзган эди.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 6 нафарга етди. Франциядан қайтган фуқаронинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи ва набирасида ҳам ушбу касаллик аломатлари аниқланган.
Бугун коронавирусга чалинган илк юртдошимизнинг қизи, ўғли, турмуш ўртоғи ва набирасида, шунингдек, Туркиядан келган фуқарода ҳам касаллик аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу беморларда малакали мутахассислар томонидан керакли муолажалар ўтказилмоқда ва касаллик тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият шахсан Президентимиз назоратида ва эҳтимолий воқеа-ҳодисаларнинг барчаси инобатга олиниб, олдиндан тайёргарлик кўриб қўйилган.
Жумладан, тиббиёт буюмлари ва дори воситалари, озиқ-овқат захираси яратилган. Нарх-навонинг асоссиз оширилишига қарши кескин чоралар кўрилади.
Эл бошига иш тушган дамда айрим “тадбиркорларимиз” томонидан ўз нафсларини ўйлаб, нархларни сунъий тарзда оширишга уринишлар бўлмоқда. Бу борада ҳам тегишли ташкилотлар томонидан назорат кучайтирилди. Турли давлат ва нодавлат таълим муассасалари, мактаблар, коллеж ва олий ўқув юртлари, боғчалар профилактика мақсадида ёпилиши касаллик тарқалишининг олдини олишдаги энг тўғри қарордир. Бундай вазиятда ҳар бир оила ўз хонадонида бўлгани, зарур бўлмаса, одамлар гавжум жойга бормагани мақсадга мувофиқ. Талабалар ва ўқувчилар ушбу вазиятни имкон дея қабул қилиб, яхши ўзлаштиролмаган мавзуларини ўқисин, китоб мутолаа қилсин. Боғча болалари эса шеър ёдласин, ақлни чархловчи ўйинлар ўйнасин. Интернет орқали таълимни давом эттириш ҳам мумкин.
Барча синовларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик, якдиллик ва хотиржамлик билан енгиб ўтган халқмиз. Келинг, ҳозирги вазиятдан ҳам саросимага тушмасдан, атрофдагиларга ҳам хотиржамлик кайфиятини улашиб, юксак маданият ва бир-биримизни аяган ҳолда ўтиб олайлик. Умид қиламизки, серқуёш Ватанимизда бу касаллик кўпга чўзилмайди. Касалликка қарши курашишга қодирмиз. Шундай экан, ҳар биримиз шахсий масъулиятни оширган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилаётган тавсияларга амал қилайлик, ўзимизни ва яқинларимизни асрайлик.
Жамшид ҚОСИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати