Касаба уюшмалари аъзолари манфаати муносиб ҳимоя қилинмоқда
2024 йилнинг 10 ойи мобайнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 163 та мурожаати кўриб чиқилди. 57 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 125 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарар ундириб берилди.
14 нафар ходим тақдимнома ва суд қарорлари асосида аввалги вазифаларига тикланган. Бу ҳақда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Бугунги кунда вилоят касаба уюшмалари тизимидаги бошланғич ташкилотларга 235 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим бирлашган. 2024 йилнинг ўтган даври давомида эса 1022 та корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 11719 нафар ходим касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

– Касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилишдир, – дейди Федерациянинг Навоий вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Касаба уюшмаларига “Ишонч телефони” ва ижтимоий тармоқлар орқали 40 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 31 таси қаноатлантирилди. Натижада 124 нафар инсоннинг ижтимоий меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқлари тикланди ва улар фойдасига 54 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди. Ҳозирда мавжуд 3948 та юридик шахс мақомига эга ташкилот ва корхоналар, муассаса ва фермер хўжаликларидан 3933 тасида жамоа шартномалари тузилди ва умумий ишловчиларнинг 99,7 фоизи қамраб олинди.

Бугунги кунда хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган 29 минг 928 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам берилди.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида 9857 нафар ишчи-ходимларга 6 миллиард 437 миллон сўмлик моддий ёрдам ва турли ижтимоий тўловлар амалга оширилди.

2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Кенгашнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан 540 га яқин ташкилот, корхона ва муассасалар фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга 475 дан ортиқ тақдимнома киритилди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар атрофлича жавоб қайтарди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири