Карантинга олинган фуқароларнинг хавфсизлиги қандай таъминланган?
Фарғона вилоятига Туркиянинг Истанбул ва Таиланднинг Бангкок шаҳридан чартер авиарейслар орқали олиб келинган юртдошларимиз карантинга жойлаштирилган.
Фарғона вилоятига Туркиянинг Истанбул ва Таиланднинг Бангкок шаҳридан чартер авиарейслар орқали олиб келинган юртдошларимиз карантинга жойлаштирилган. Улар бу ерда 14 кун мобайнида шифокорларнинг кузатувида бўлади.
Вилоят ҳокимлигининг короновирус касаллигига қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят штабидан олинган маълумотга кўра, самолётлар бортида 501 нафар мамлакатимиз фуқаролари фавқулодда ҳолатдан келиб чиққан тартиб-қоидалар асосида кутиб олинди.
Йўловчиларнинг ҳар бирига нисбатан тиббий-профилактик нуқтаи назардан қаттиқ назорат ўрнатилган. Улар Олтиариқ туманидаги “Қизилтепа” фахрийлар сиҳатгоҳи ва Риштон туманидаги соғломлаштириш марказида карантинга жойлаштирилди.
Шунингдек, Қувасой шаҳридаги “Ўзбекистон” чегара постида Қирғизистон Республикасининг Қизилқия шаҳридан ўтган 67 нафар фуқаролар кутиб олиниб, белгиланган санитария талаблари асосида зарарсизлантириш ишлари ўтказилди ва махсус ажратилган автобусларда Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятига қарашли соғломлаштириш марказига жойлаштирилди. Улар тўлиқ тиббий кузатувга олинган.
Айни кунда карантинга олинган ҳудудлар Шарқий округ қўшинлари қўмондонлигининг ҳарбий хизматчилари томонидан қўриқланмоқда. Бу ерга кириб-чиқиш қаттиқ назоратга олинган. Фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган бўлиб, ҳозирга қадар карантин ҳудудидан қочиб кетиш ҳолатлари кузатилмади.
Ҳарбий хизматчилар короновирус инфекциясининг тарқалишини олдини олишда бугун яқиндан мадад бўлмоқда.