Канада Вашингтонга кутилмаган таклиф қилди
Канада АҚШ ва Мексикага уч давлат ўртасидаги эркин савдо келишувини яна 16 йилга узайтиришни таклиф қилди. Оттава фикрича, мазкур келишув нафақат иштирокчи давлатлар, балки бутун Шимолий Америка иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Таклиф расмий мактуб орқали Вашингтон ва Мехикога етказилган.
Масала июль ойида ўтказилиши режалаштирилган “USMCA” келишувини қайта кўриб чиқиш жараёни арафасида кун тартибига чиқди. Агар уч томон бир қарорга келса, битим яна 16 йилга узайтирилиши мумкин. Акс ҳолда келишув амалда қолади ва ҳар йили қайта баҳолаб борилади.
Канада ташқи савдо вазири Доминик Леблан Вашингтонда АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир билан учрашди. Суҳбат давомида Америка томони узоқ вақтдан буён билдириб келаётган бир қатор эътирозлар ҳам муҳокама қилинган. Оттава бу масалалар бўйича бир нечта таклифларни илгари сурганини айтмоқда.
Музокаралар Дональд Трампнинг Канада ҳақидаги навбатдаги баҳсли баёноти фонида кечмоқда. АҚШ президенти ижтимоий тармоқда яна Канадани “51-штат” деб атади. Бу баёнот мамлакат сиёсатчилари томонидан кескин қарши олинди.
Онтарио провинцияси бош вазири Даг Форд Канада ҳеч қачон 51-штатга айланмаслигини таъкидлади. Бош вазир Марк Карни эса Вашингтон билан ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини билдириб, ҳар бир ижтимоий тармоқдаги баёнотга муносабат билдириш нияти йўқлигини айтди.
USMCA келишуви АҚШ, Канада ва Мексика иқтисодиётларини ўзаро боғлаб турувчи асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Шу боис унинг тақдири нафақат савдо муносабатлари, балки бутун минтақанинг иқтисодий барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мусулмон Зиё, ЎзА