Ташқи дипломатия
Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда. Дунёнинг турли нуқталарида ўтказилган қатор муҳим тадбирлар мамлакатнинг иқтисодий, илмий ва маданий салоҳиятини намоён этди.

Лондон. Лондондаги нуфузли “Institute of Directors” ташкилотида ўтказилган бизнес форум Ўзбекистондаги иқтисодий трансформация жараёни, юқори ўсиш суръатига эга тармоқлар ҳамда инвесторлар учун мавжуд имкониятларга бағишланди. Тадбирда мамлакат иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбир ва хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида тақдимот ўтказилди.

Полша. Полша Республикаси фан ва олий таълим вазири, “Полша-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи депутати Марчин Кулясек билан учрашув ўтказилди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, таълим, фан ва инновация соҳасидаги алоқасини янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди. Томонлар олий таълим ва илмий-тадқиқот йўналишидаги қўшма лойиҳани жадаллаштириш ҳамда инвестициявий ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Малайзия. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида пишиқчилик мавсуми олдидан мева-сабзавот маҳсулотлари намойиши ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси ва Марказий экспорт штаби ҳамкорлигида ўтказилиб, унда маҳаллий ишбилармон доира вакилларига юртимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасидаги салоҳияти тақдим этилди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда етиштирилаётган сархил мевалар сифати, саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш имконияти ҳамда янги ишга туширилган қувватлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Қайд этиш лозимки, бугунги кунда Малайзияга 91 турдаги маҳсулотни фитосанитария сертификати асосида экспорт қилиш имконияти мавжуд. Марказий экспорт штаби ушбу йўналишда маҳаллий экспортчиларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Испания. Испания Қироллиги Конгресси Маданият қўмитаси вакили Мария Соледад Крус-Гусман Гарсия бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги сиёсий, маданий-гуманитар ҳамда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, юртимиз маданий меросини Испанияда тарғиб қилиш, қўшма илмий-маданий лойиҳаларни ташкил этиш ва икки халқ ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Германия. Бундестагда “Ўзбекистон ва Германия: Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов, “Германия–Марказий Осиё” парламент гуруҳи раҳбари Кристиан Гьорке ва Бундестагнинг Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Таня Махалет иштирок этди.
Учрашувда тиббиёт тизимида тажриба алмашиш, кадр тайёрлашни кучайтириш, университетлараро талабалар алмашинувини кенгайтириш ҳамда қўшма тиббиёт форумлари келишувини ҳаётга татбиқ этиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар соғлиқни сақлаш йўналишидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Туркия. Урганч шаҳрида икки давлат иқтисодий алоқасини мустаҳкамлашга қаратилган “Хоразм Трабзон” бизнес форуми бўлиб ўтди. Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ва Трабзон Савдо-саноат палатаси раиси Эркут Челеби бошчилигидаги делегация иштирок этган тадбирда тўқимачилик, қурилиш, озиқ-овқат, фармацевтика, туризм ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА