Канада АҚШга жавобни кечиктирди
Канада ҳозирча АҚШдан кириб келадиган пўлат ва алюминийга қўшимча бож жорий этмайди. Бунга сабаб сифатида Президент Дональд Трамп музокара муддатини 1 августгача узайтириш ҳақида хат юборгани кўрсатилган. "Politico" нашри ёзишича, аввалига Отава 21 июлдан бошлаб Америка металларига қарши тарифни 25 фоиздан 50 фоизга чиқаришни кўзлаган, кейинчалик ҳар икки томон келишувга эришиш умидида вақтни чўзишга қарор қилган. Ҳозирги солиқ миқдори музокара давомида сақланиб қолади.
Трамп ўз мактубида Канада маҳсулотларига 35 фоизгача тариф қўлланиши мумкинлигини ёзган. Оқ уй вакиллари бу чора фақат баъзи товарларга тегишлилигини таъкидламоқда.
Канада Бош вазири Марк Карни ушбу таҳдид асносида музокарани давом эттиришга тайёрлигини билдирган. У 22 июль куни губернаторлар билан учрашиб, мазкур масалани муҳокама қилади.
Қўшма Штатлар етакчиси кўрилаётган чораларни фентанил контрабандасига қарши кураш билан изоҳлади. Расмий статистика эса шимолдаги давлатдан кираётган фентанил улуши 0.1 фоиздан ҳам пастлигини кўрсатмоқда.
Томонлар вақтинча муросага келган бўлса-да, 1 августга қадар келишувга эришилмаса, икки томонлама савдо жараёнида кескинлик кучайиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА