Камилла Раҳимова «Wuhan Open» турнирини ғалаба билан бошлади
Жорий йилнинг 12–18 октябрь кунлари Хитойнинг Ухань шаҳрида аёллар ўртасида "WTA 1000" таснифига кирувчи «Wuhan Open» халқаро теннис турнири бўлиб ўтади.
Мукофот жамғармаси 4 миллион 88 минг 211 АҚШ долларини ташкил этувчи «Wuhan Open» турнирининг саралаш баҳслари, бугун 10 октябрь куни старт олди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Камилла Раҳимова ва Полина Кудерметова иштирок этмоқда.
Қувонарлиси Камилла Раҳимова саралашнинг илк даврасида америкалик тажрибали теннисчи София Кенинни 6:0, 6:3 ҳисобида мағлуб этди. Энди Камилла Раҳимова навбатдаги учрашувини мезбонлар вакили Хань Шига қарши ўтказади. Мазкур баҳсдаги ғалаба ҳамюртимизга турнирнинг асосий тўрига чиқиш имкониятини беради.
Дарвоқе мусобақадаги яна бир вакили Полина Кудерметова эса бугун америкалик теннисчи Кэти Волынец билан рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА