Ўзбек аёлига дунё эътирофи
Фарғона вилояти “Қува анори” агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфутдинова БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан “Агроозиқ-овқат тизимлари ва қишлоқларни ривожлантиришдаги 100 нафар қаҳрамон аёл” сафидан ўрин олди. Бу Ўзбекистон аёлларининг қишлоқ хўжалиги соҳаси ва қишлоқ жамоаларини ривожлантиришдаги муҳим ролини кўрсатувчи ажойиб ютуқдир.
131 мамлакатдан бўлган 600 дан ортиқ номзодлар орасида Мастурахон Сайфутдинова агроозиқ-овқат тизимлари ва қишлоқларни ривожлантириш, турмуш шароитларини яхшилашга қўшган ҳиссаси, шунингдек, етакчилиги, фидойилиги ва инновацион ёндашувлари учун эътирофга сазовор бўлди.
– «Сизнинг етакчилигингиз, фидойилигингиз ва эришган натижаларингиз дунё бўйлаб йиғилган энг сара номзодлар ичида ҳақиқатан ҳам бетакрор ва ҳайратланарлидир», — дейилади БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Сюй Дунъюйнинг юртдошимизга ёзган мактубида.
– Ҳозир “Фарғона анорчилиги” агрофирмаси МЧЖда 300 гектар анор плантациялари яратилди. Фермерлар қарамоғига берилган аввалги анорзорлар эса 1000 гектардан ошиқ эди, – дейди Мастура Сайфутдинова. – Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида муҳтарам Президентимиз топшириқлари асосида 5000 гектар янги анор плантацияларини ташкил этдик.
БМТнинг мени дунёнинг 100 нафар қаҳрамон аёли сафига киритиши Ўзбекистон Президентининг амалга ошираётган ислоҳотлари натижаси ва аёл тадбиркорларга яратган шароити туфайлидир.
Тақдирлаш маросими 12-16 октябрь кунлари Италиянинг Рим шаҳридаги ФАО қароргоҳида Бутунжаҳон озиқ-овқат форумининг асосий тадбирида бўлиб ўтади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА