Камбағалликдан фаровонлик сари илдам қадамлар
Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури доирасида мамлакатимиз бўйлаб эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу дастур инсонийлик, ғамхўрлик ва меҳр-оқибат тамойиллари асосида кўплаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришлар олиб кирмоқда.
Жумладан, Пискент туманидаги “Оқ тепа” маҳалласида яшовчи Мадина Мусаева оиласида ҳам ушбу ташаббус ўз ифодасини топган дея оламиз. Мадина опанинг томорқасида бу йил анор ҳосили мўл бўлди. Агар унинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни санаса нечта анор донасига тўғри келади? Жуда кўплиги аниқ. Томорқада етиштирилган анор меваси мўл ҳосилгаберган. Шунингдек, қуёнчилик ва паррандачилик билан шуғулланиш орқали оилага сезиларли даромад манбаи яратилди.

– Кўрсатилган барча ёрдамлар учун чексиз миннатдорлик билдираман. Болалар нафақаси тайинланди, газ ва электр энергияси учун компенсация берилди. Психологик хизмат кўрсатилди ва фарзандларим имтиёзли боғчага қабул қилинди. Мономарказда ўқиб, ижтимоий ходим ва ҳоким ёрдамчиси ёрдамида имтиёзли кредит олиб, қуёнчилик билан шуғулланишга имкон яратилди. Ҳозир маҳаллада банк агенти сифатида фаолият юритяпман. Бу ташаббуслар оиламизда умид уйғотди, келажакка ишонч бағишлади, – дейди Мадина Мусаева

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури нафақат иқтисодий ёрдам кўрсатиш, балки эҳтиёжмандларни жамият ҳаётига фаол жалб қилиш орқали уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли лойиҳа ҳисобланади. М.Мусаеванинг оиласи мисолида кўриш мумкинки, инсонларга амалий ёрдам кўрсатилиб, уларга имкон яратиб берилса, улар ўз ҳаётларини ижобий томонга ўзгартира олади.
Шу боис, бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда камбағалликни камайтириш ва фаровонликни ошириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА