“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалда (+видео)
Мадина Маматова Навоий шаҳридаги Ҳаёт маҳалласида ижтимоий ходим сифатида фаолият олиб боради. Унинг ёрдами билан маҳаллада истиқомат қилувчи Нигора Полвоновага ёрдам кўрсатилди.
Нигора Полвонова турмуш ўртоғидан айрилган, икки фарзанд билан ёлғиз қолган она. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида унинг ҳаёти тубдан ўзгарди.

– Маҳалламизда 1417 нафар аҳоли истиқомат қилади. 28 нафар оила эса камбағаллик реестрида рўйхатда туради, – дейди Мадина Маматова. – Ўтказилган ўрганишлар давомида сўровнома асосида Нигора Полвонова ҳам ушбу реестрга киритилган эди. Шундан кейин индивидуал хизматлар режаси ишлаб чиқилди ва ушбу режага асосан бириктирилган раҳбарлар билан биргаликда яшаш шароитини яхшилаш мақсадида уйлари таъмирлаб берилди. Оила фарзандларидан каттасини инглиз тили ва математика тўгарагига жойлаштирдик. Боланинг дарс тайёрлаши учун барча шароитлар яратиб берилди. Оиланинг боқувчиси 1-гуруҳ ногирони эди. Вафотидан сўнг болалар нафақаси тайинланди. Кичик фарзанди болалар боғчасига, Нигора опа эса ишга жойлаштирилди.
2025 йил бошида турмуш ўртоғи вафот этгач, оила бутунлай моддий таъминотсиз қолган эди. Нигора опа маблағ йўқлиги сабаб кичик фарзандини боғчага бера олмаган, ишлашга ҳам имкони бўлмаган. Маҳалладаги ижтимоий ходим кўмаги билан дастур доирасида оилага қатор амалий ёрдамлар кўрсатилди.

– Турмуш ўртоғим инсультдан кейин ётиб қолди, – дейди Нигора Полвонова. – Қўлимдан келганича қараб, парваришладим. Маҳалладаги ижтимоий ходим бўлиб ишлаётган синглимиз ҳолимиздан хабар олиб туради. Маҳалла томонидан турли ёрдамлар кўрсатилади. Кўзим кўрмай қолганди, операциясига ёрдам қилинди. Уйимни таъмирлаб беришди. Боқувчисини йўқотганлик бўйича болалар нафақаси тўғрилаб, ишга жойлаштиришди. Ҳозир ишлаяпман.
Албатта, юртимизда инсон қадри улуғланиб, уларнинг яхши яшаши учун барча чоралар кўрилмоқда. Айниқса, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши эҳтиёжманд оилаларнинг шароитини яхшилаш, фарзандларига қулай шароитлар яратиб берилиши ва бандликни таъминлашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2uss5Ukajpw" title="“Kambag‘allikdan farovonlik sari” dasturi amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, ЎзА мухбири