Камбағалликдан чиқаришнинг “Сармазор” тажрибаси
Ҳаётда, кимдир тўкис, кимдир муҳтожликда. Аммо Ўзбекистон ижтимоий давлат. Қонунлар ҳам, қадриятлар ҳам эҳтиёжманд одамларни ташлаб қўйган эмас.
Ўзбекистон Президенти маҳаллаларда “еттилик” тузди, уларнинг ҳуқуқларини кенгайтирди, ташаббусларини қўллади. Мана, бу тизим ўзининг самарали натижасини бера бошлади.
Қўштепа туманидаги Сармазор маҳалласида 1253 та хонадон бўлиб, уларда 1950 та оила, 6570 нафар аҳоли яшайди. Ҳатто бир йил аввал ҳам камбағал оилалар, ишсизлар рўйхати каттагина эди.

– 2024 йил 1 январь ҳолатига Сармазор маҳалласида 352 нафар ишсиз аниқланган эди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 50 та инвестиция лойиҳасини шакллантирганмиз, – дейди “Сармазор” МФЙ даги ҳоким ёрдамчиси Саидолимхон Нуриддинов. – Уларнинг ишга тушиши натижасида 660 дан зиёд иш ўрни яратишни режалаштирганмиз. Ҳозиргача 37 та лойиҳа ишга тушди ва 558 та иш ўрни пайдо бўлди.
Ҳозир Сармазор маҳалласи унча-мунча саноатлашган ҳудуд ёки кичик саноат зонасидан кам эмас.

– Юздан ортиқ тадбиркор бор. Ундан ташқари юзга яқин ҳунарманд бор. Маҳалланинг драйвери – косибчилик ҳисобланади. Йил бошида 20 нафар камбағал оила бор эди. 12 тасини камбағалликдан чиқардик, – дейди “Сармазор” МФЙ раиси Жаҳонгир Аброров.

Маҳаллада оилаларни камбағалликдан чиқариш, янги иш ўрни яратиш учун барча имконият ишга солинди. Иқтидори борлар қўллаб-қувватланди, касби йўқлар ўқитилди, шогирд қилиб бириктирилди. Иш бошқарувчи Маҳфуза Пўлатованинг айтишича, “MP TEKS” масъулияти чекланган жамияти маҳалладаги 3-4 та тикувчини бирлаштиришдан бошланган. Ҳозир бу ерда 100 дан зиёд маҳалланинг аёл-қизлари ишламоқда.
– Сармазор маҳалласида яшайман. Икки нафар фарзандим бор. Фарзандим боғчага чиққач, уйда бекор ўтирмаслик учун маҳалламизда очилган цехга ишга кирдим. Уч ойдан буён ишлаяпман. Шароит яхши. Иссиқ овқат беришади. Иш ҳақини вақтида оламиз, – дейди тикувчи Моҳичеҳра Нурматова.

Бугун маҳалладаги саноат корхонасига айланган “MP TEKS” яна икки жиҳати билан тилга тушди. Биринчиси, унинг маҳсулотлари, яъни Сармазор маҳалласи аёллари тикаётган кийимлар энди экспорт қилинмоқда. Иккинчидан, маҳалла корхонасига хорижлик тадбиркор ишонч билан ҳамкорлик қилишга келди.
– Мен Покистондан келдим, – дейди Усмон Муҳаммад. – Қўштепа туманидаги бир маҳаллада ташкил этилган корхонада ишлаяпман. Ўзбекистон пахта толасини сотишни чеклаб қўйгач энг қуйида, аҳоли яшаш жойларида шу каби корхоналар очилгани қувончли воқеа.
Буниси “Малика пойафзал” МЧЖ. Бу ерда оёқ кийимлари, улар учун тагликлар ишлаб чиқариляпти. Бу ҳам маҳаллада ташкил этилган корхоналарнинг бири.
– Икки сменада ишни йўлга қўйганмиз. 80 да ортиқ ишчи ходим меҳнат қилади. Бир ойда 120 мингдан ортиқ пойафзал ишлаб чиқарамиз, – дейди “Малика пойафзал” МЧЖ иш юритувчиси Шавкатжон Халилов.

Шавкатжон камтарлик билан тилга олган рақамларга яна эътибор қилинг: 80 дан ортиқ ишчи, 10 турдаги маҳсулот, бир ойда 120 минг жуфт пойафзал. Аслида бу рақамлар маҳалладаги оилалар фаровонлиги, ёшлар бандлиги, солиқ тушумлари деганидир.
Азизбек Тоҳиров қисқа вақт ичида ўқиб, ўрганиб дизайнер бўлди. Атрофига маҳалланинг ёш, иқтидорли йигитларини тўплади ва “ZAMIN BARAKA” кичик корхонасини очди. Дастлаб мебелсозларга дизайн чизиб бердилар. Сўнгра маҳалла ҳудудидаги бўш ерни олиб, мебель тўпламларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди.
– Ҳозирги кунда 5400 тадан зиёд мижозимиз бор. Андижон, Наманган вилоятларидан ҳам буюртмалар бажаряпмиз, – дейди дизайнер-тадбиркор Азизбек Тоҳиров.

Сармазор маҳалласида ўнга яқин шулар каби кичик корхоналар ташкил этишга эришдилар. Сутни қайта ишлаш, мебелсозлик, тўқимачилик... ҳар бирида аввало маҳалла аҳли меҳнат қиляпти.
– Фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси асосида “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 7 нафар аҳолига кафилликсиз 100 млн.сўмдан кредит олиб бердик. Ундан ташқари “Оилавий тадбиркор” дастури асосида 33 млн.сўмгача 20 дан ортиқ фуқарога кредит олишга эришдик. Улар ўзларига тикув машиналари, мотокультиватор, боғдорчилик, чорвачилик, иссиқхона каби йўналишларни ташкил этди. Шундай йўллар билан камбағалликдан чиқаришни амалга оширяпмиз, – дейди Саидолимхон Нуриддинов.
Маҳлиёхон Солиевага 33 млн.сўм имтиёзли кредит берилди. Унга соғин сигир ва бир жуфт новвос сотиб олди. Энди хонадон ўзидан ортган сутни қўни-қўшнисига сотади. Новвослар эса кун сайин тана қўйяпти.
Ҳа, дарвоқе, Маҳлиёхонга мотопомпа – ер юмшатгич ҳам совға қилинди. Энди ўзи ва маҳалладаги ховлилардаги кичик майдонларни култивация қилиб яна қўшимча даромад кўриши мумкин.
Бу кўча ва ундаги хонадонлар эгарчиликка ихтисослашди. Ҳар бир оила эгарнинг бир қисмини ясайди. Сўнг у йиғилади ва бозорга олиб чиқилади. Аслида улар буюртма асосида ишламоқда. Сурхондарё ва Қашқадарёдан доимий харидорлари бор.
Ҳуллас, гапиргани гап, кўрсатгани манзил, бўлишгани тажриба кўп Сармазорда. Яхшиси, сиз буларни ўз кўзингиз билан кўргани Фарғонанинг Қўштепасига келинг.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UQ6mvlgNilk?si=a7j2kGt9wSKRJbqu" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов(сурат,видео),
ЎзА мухбирлари