Кам даромадли оилаларга ер берилди
Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш даромадни оширишда ҳам, ернинг унумдорлигини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш даромадни оширишда ҳам, ернинг унумдорлигини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган бугунги шароитда такрорий экин экиш имкониятидан оқилона фойдаланишнинг ўрни беқиёс. Қашқадарё вилоятида мазкур тадбир яна бир фойдали мақсадга йўналтирилмоқда.
Яъни фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган ва такрорий экин экилиши кўзда тутилган майдонларидан бир қисми кам таъминланган, кам даромадли ва «темир дафтар»да қайд этилган оилаларга бўлиб берилаяпти. Нафақат бўлиб берилаяпти, ер экишга тайёр ҳолга келтирилиб, уруғликлар ҳам бепул тарқатилмоқда.
Масалан, Нишон туманидаги Чўли Бегимқулов ҳудудида жойлашган «Эрназаров Бахтиёр» фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган 21 гектар ер майдони 42 та оилага такрорий экин экиш учун 50 сотихдан бўлиб берилди. Бунинг учун уларга «Нишон томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан экспортбоп уруғлик мош берилиб, махсус техникалар ёрдамида экиш ишлари бошлаб юборилди.
Жараёнда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этиб, аҳоли вакиллари билан суҳбат чоғида одамларни ишли, даромадли қилиш мақсадида амалга оширилаётган бу тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Таъкидландики, кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқаришнинг барча чоралари кўрилади. Шу боис ерлар аҳоли яшайдиган жойга яқин, сув келиши муаммо бўлмайдиган ҳудудлардан танланди. Келгусида улар етиштирган маҳсулотлар ҳам экспортёрлар томонидан даланинг ўзидан сотиб олиниши таъминланади. Фақат меҳнатидан қочмай, ерга меҳр бериб, ишлашса, бас.
Миришкор туманидаги Миришкор ҳудудида жойлашган «Турсунов Азиз» фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган майдоннинг 20 гектари шу атрофда жойлашган 7 та маҳаллада истиқомат қилувчи 56 та кам таъминланган оилага бўлиб берилмоқда.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими иштирок этиб, ер олиш учун келган аҳоли вакиллари билан дилдан суҳбат қурди. Оилавий аҳволи, нима экмоқчилиги, далада кимлар ишлашию деҳқончиликдан хабардорлиги билан қизиқди. Миришкорнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, ўзаро маслаҳатлашувлар асносида мазкур 20 гектар ернинг ярмига мош, қолган ярмига эса ловия экишга келишиб олинди.

Бу экинлар 70 кунда пишиб етилади. Уларнинг бир гектаридан 15-20 миллион сўм даромад кўриш мумкин. Бу кам таъминланган оилалар қисқа фурсатда рўзғорини бутлаб олишига имкон беради.
– Иккита ўғлим бор. Бири касалманд. Бирор жойга ишласин, десам иш топа олмай сарсон, – дейди Ҳалима Рўзиева. – 70 сотих ер олдик. Ўзим ҳам фарзандларим ҳам деҳқончиликни яхши тушунамиз. Ажратилган ерга мош, ловия экмоқчимиз. Уруғни ҳам, ерни ҳам бепул берадиган бўлишди. Бундан жуда миннатдормиз.
Касби туманида 760 та эҳтиёжманд оилага ғалладан бўшайдиган 274 гектар ер вақтинча фойдаланиб, рўзғорини бутлаб олиши учун ажратиб берилиши мўлжалланган. Шунингдек, 115 нафар ёшга 63 гектар, 141 нафар ишсизга 76 гектар ер ажратилади. Уларнинг бир қисмида ғалла ўриб олиниб, экишга тайёрлаш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, фермер Дўстмурод Эшонқулов ўз фермер хўжалигидаги ғалладан бўшаган 6,5 гектар ер майдонини экин экишга тайёр ҳолатга келтириб, кам таъминланган ва вақтинча ишсиз аҳолига экин экиб олишлари учун бўлиб бераяпти.
Вилоят ҳокими кеч салқинда дала бошида аҳоли вакиллари билан суҳбат қурди. Камбағал оилалар оёққа туриб олиши учун амалга оширилаётган бу ишда уларга қандай ёрдам керак бўлса, тайёрлигини билдирди. Уруғлик бепул берилиши ва ҳосил йиғиб олинаётган вақтда маҳсулот дала бошида экспортёр томонидан сотиб олинишини таъкидлади.
Пухта ўйланган бу чора озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилиши билан бир қаторда, кам даромадли, камбағал оилаларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.